Валюта курслари 23/06/2025
$1 – 12496.94
UZS – -0.5%
€1 – 14405.22
UZS – -0.05%
₽1 – 159.38
UZS – -0.49%
Қидириш
Молия 01/04/2025 ОТБ Ўзбекистонда ипотека бозорини ривожлантириш учун 30 миллион сўм ажратади

ОТБ Ўзбекистонда ипотека бозорини ривожлантириш учун 30 миллион сўм ажратади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистоннинг ипотека бозорини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистонда экологик таъмирлашни ва уй-жой кредитларини инклюзив молиялаштиришни кенгайтириш, турмуш шароитларини яхшилаш ва энергия самарадорлигини ошириш учун учун 30 миллион доллар эквивалентигача бўлган миллий валютадаги кредитни ажратишни маъқуллади.

Инклюзив ипотека бозорини ривожлантириш лойиҳаси муҳим босқич бўлиб ҳисобланади, чунки унинг доирасида ОТБ томонидан Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ("ЎИҚМК") учун биринчи хусусий (суверен бўлмаган) молиялаштириш тақдим этилади. Ушбу ташаббус ЎИҚМКни давлат томонидан молиялаштиришга боғлиқликдан барқарорроқ бўлган бозорга асосланган молиялаштиришга ўтишни қўллаб-қувватлашга қаратилган, бу эса янада рақобатбардош ва функционал ипотека кредитлаш бозорини ривожлантиришга ёрдам беради.

“ОТБ мамлакатда уй-жой кредитларини олиш имкониятларини кенгайтиришга интилмоқда ва бунда ёшлар ва аёл уй эгаларига алоҳида эътибор қаратилмода”, деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арайа. “Уй-жой кредитларини осонроқ олиш имконияти уй-жойга эгалик даражасини сезиларли даражада ошириш, яшаш шароитларини яхшилаш ва уй хўжаликларининг молиявий барқарорлигини ошириш имконини беради. Шунингдек, бу янада инклюзив уй-жой бозорини яратади ва умумий иқтисодий ўсиш ва ижтимоий фаровонликка ўз ҳиссасини қўшади".

Мамлакат ипотека кредитларидан фойдаланиш имкониятларининг чекланганлигига дуч келмоқда: 2024-йилнинг биринчи ярмида юқори фоиз ставкалари, мослаштирилган маҳсулотларнинг йўқлиги ва маҳаллий валютада узоқ муддатли молиялаштиришнинг етарли эмаслиги сабабли сотилган кўчмас мулкнинг атиги 21 фоизи ипотека кредитлари ҳисобидан молиялаштирилди. Аёллар ва ёш қарз олувчилар гаров таъминотининг етишмаслиги, даромаднинг пастлиги, чекланган молиявий билимлар ва гендер стереотиплари каби қўшимча тўсиқларга дуч келмоқдалар.

Лойиҳа хизматлар билан етарли қамраб олинмаган аҳолига хизматларни кенгайтиришга қаратилган ва аёллар ва ёшларнинг экологик таъмирлаш ва уй-жой учун кредитларни олиш имкониятларини ошириш орқали аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беради. Шунингдек, у тарғибот кампаниялари ва билим маҳсулотлари орқали аёлларга нисбатан қамров доирасини кенгайтиради, бу эса ўз навбатида аёлларнинг молиявий эҳтиёжларини яхшироқ тушуниш имконини беради.

Уй-жойга бўлган талабнинг ўсиши қурилиш соҳасини рағбатлантиради, иш ўринларини яратади ва иқтисодий фаолликни оширади, ва бу ўз навбатида мултипликатив таъсирни юзага келтиради. Энергия нуқтаи назаридан самаралироқ уйжойлар энергия истеъмоли ва иссиқхона газлари (ИГ) чиқиндиларини камайтиради ва жамият иқлим ўзгариши таъсирини камайтиришдан фойда кўради.

Бу йил ОТБ ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ҳамкорлик бошланганига 30 йил тўлди. Ўзбекистон Республикаси ОТБ га 1995 йилда аъзо бўлгандан бери банк мамлакатга жами 14,3 млрд. АҚШ доллари миқдорида қарз, грант ва давлат секторига техник кўмак тақдим этган.

ОТБ Осиё ва Тинч океани минтақасида инклюзив ва барқарор ўсишни қўллабқувватлайдиган етакчи кўп томонлама ривожланиш банкидир. ОТБ мураккаб муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун ўз аъзолари ва ҳамкорлари билан ишлар экан, инсонлар ҳаётини ўзгартириш, сифатли инфратузилмани барпо этиш ва сайёрамизни ҳимоя қилиш учун инновацион молиявий воситалар ва стратегик ҳамкорликлардан фойдаланади. ОТБ 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 69 мамлакат аъзо бўлган. Уларнинг 49 таси минтақада жойлашган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг