Остонада Туркий Савдо-саноат палаталари иттифоқининг 3-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди
Остонада Туркий Савдо-саноат палаталари иттифоқининг 3-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 8 январь куни Остона шаҳрида Туркий Савдо-саноат палаталари иттифоқининг 3-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди. Ушбу тадбир туркий дунё доирасида иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим майдон ҳисобланади. Мазкур йиғилишда Иттифоқга раислик тарихда илк бор Қозоғистонга топширилди.
Унда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчилари Алишер Шайхов ҳамда Жамил Максуди иштирок этди.
Туркий савдо-саноат палаталари иттифоқи 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, у Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ўртасида савдо, саноат, инвестиция, технология ва бошқа иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган халқаро платформа ҳисобланади. Ҳозирги кунда Иттифоқ таркибига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, Туркманистон, шунингдек Венгрия киради.
Ассамблея иштирокчилари келгуси даврдаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар. Хусусан, саноат кооперациясини кучайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек Туркий инвестиция жамғармаси имкониятларидан фаол фойдаланиш асосий вазифалар сифатида қайд этилди.
Шу билан бирга, савдо ва техник тўсиқларни қисқартириш, халқаро маршрутлар ва логистика коридорларини ривожлантириш орқали транспорт-логистика боғлиқлигини мустаҳкамлаш ҳам муҳим устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси туркий давлатлар ўртасида ягона иқтисодий маконни шакллантириш ва амалий иқтисодий натижаларга эришишга қаратилган ташаббусларда фаол иштирок этишга тайёр эканини тасдиқлади.