Осиё Олимпия кенгаши президенти этиб Қатардан Жавъан бин Ҳамад Ол Соний сайланди
Осиё Олимпия кенгаши президенти этиб Қатардан Жавъан бин Ҳамад Ол Соний сайланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Олимпия кенгашининг 46-Генерал ассамблеясида ташкилотнинг янги президенти сайлови ўтказилди.
Президентлик лавозимига ягона номзод сифатида Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси раиси биринчи ўринбосари ҳамда Қатар Олимпия қўмитаси президенти Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний кўрсатилди ва у бир овоздан сайланди.
Янги раҳбар сайлангани муносабати билан Жавъан бин Ҳамад Ол Сонийни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев табриклаб, Осиё минтақасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва олимпия ҳаракатини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Осиё Олимпия кенгашининг 46-Генерал ассамблеяси Тошкент шаҳрида ООК президенти вазифасини бажарувчининг қутлов сўзи билан очилди.
Тадбир доирасида иштирокчиларга Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бахнинг видео мурожаати намойиш этилди, шунингдек, ташкилот олдидаги хизматлари учун OCA Merit Award мукофоти топширилди.
Сессия давомида ташкилий масалалар ҳамда Осиё спортининг кейинги ривожланишини белгилаб берувчи муҳим қарорлар муҳокама қилинди.
Муҳим қарорлардан бири сифатида Осиё ёшлар ўйинларини қабул қиладиган шаҳарлар билан шартномалар имзоланди. Тошкент шаҳри 2029 йилги Ўйинлар пойтахти сифатида расман тасдиқланди, 2031 йилги мусобақалар эса Пномпен шаҳрида ўтказилади.
Шартномаларнинг Ўзбекистон пойтахтида имзоланиши Тошкентнинг минтақадаги спорт ҳамкорлиги маркази сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлади.