Orascom Ўзбекистон шакар саноатида қиймат занжирларини ривожлантиришдан манфаатдор
Orascom Ўзбекистон шакар саноатида қиймат занжирларини ривожлантиришдан манфаатдор
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни кунларда Миср Араб Республикасининг йирик инвестиция компанияларидан бири — Orascom Investment (Nile Sugar) вакиллари мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Миср делегацияси республикамизда салқин ичимликлар ишлаб чиқариш соҳасида етакчи корхоналарда бўлиб, мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари, хомашё эҳтиёжи ва технологик жараёнлар билан яқиндан танишди.
Учрашувлар давомида Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, ички бозорни сифатли маҳсулот билан барқарор таъминлаш ҳамда тайёр маҳсулотлар занжирида маҳаллий хомашё улушини кўпайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Миср томони келгусида мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган шакарни бевосита сотиб олиб, уни салқин ичимликлар ишлаб чиқариш жараёнида қўллаш бўйича қизиқиш билдиргани қайд этилди.
Мазкур ҳамкорлик модели йирик ичимлик ишлаб чиқарувчи корхоналарни арзон ва сифатли шакар билан узлуксиз таъминлаш баробарида, маҳаллий шакар саноати учун барқарор бозор шаклланишига, импорт ҳажмларининг қисқаришига ҳамда қўшилган қиймат занжирининг кенгайишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Бундай ёндашув Ўзбекистонда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва саноат интеграциясини чуқурлаштириш борасида амалга оширилаётган изчил сиёсатнинг амалий натижаларидан бири ҳисобланади.