Валюта курслари 02/10/2025
$1 – 12084.10
UZS – 0.14%
€1 – 14197.61
UZS – 0.4%
₽1 – 146.72
UZS – 0.74%
Қидириш
Оқ уй Ғазодаги можарони ҳал этиш учун 20 бандли режа таклиф қилди

Оқ уй Ғазодаги можарони ҳал этиш учун 20 бандли режа таклиф қилди

Оқ уй Ғазодаги можарони ҳал этиш учун 20 бандли режа таклиф қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 29 сентябрь куни Оқ уй Ғазо секторидаги можарони тартибга солиш бўйича 20 та асосий бандни ўз ичига олган янги режани эълон қилди. Ҳужжатга кўра, минтақани вақтинча халқаро бошқарув олади ҳамда аҳолини мажбурий кўчириш, ҳудудни Исроил томонидан босиб олиш ёки аннексия қилиш эҳтимоли истисно этилади.

Таклифга кўра, Ғазони бошқариш халқаро қўмита томонидан амалга оширилади, хавфсизликни таъминлашда асосан араб давлатларининг кучлари жалб этилади. Ҳудуднинг кундалик маъмурий бошқаруви халқаро орган назорати остидаги фаластинлик технократлар зиммасига юкланади.

АҚШ президенти Дональд Трамп ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Оқ уйда музокаралар ўтказиб, тинчлик шартномаси тафсилотларини муҳокама қилдилар. Трамп томонлар «жуда яқин келишувга эришганини» таъкидлаб, яқин вақтда битим имзоланишига ишонч билдирди.

Режанинг асосий нуқталари барча гаровга олинганларни қайтариш, ҲАМАС томонидан Исроилга таҳдидларни тўхтатиш ва Ғазога гуманитар ёрдамни кенгайтиришни ўз ичига олади. Ҳужжатга кўра, ҲАМАС қуролсизланиши шарт, аммо бу талабни ташкилот аввал қатъий рад этган. Шунингдек, Фаластин давлатини тузиш ҳам кўзда тутилган, аммо аниқ муддатлар белгилаб қўйилмаган.

Оқ уй вакиллари таъкидлашича, режа минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, шунингдек, фаластинликлар ва исроилликларнинг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган. Шу билан бирга, Ғазо инфратузилмасини тиклаш учун гуманитар масалалар ва халқаро ёрдамни ташкил этиш каби саволлар очиқ қолмоқда.

Ҳужжат матни ҳали эълон қилинмагани боис унинг аниқ шартларини баҳолаш қийин. Associated Press’га анонимлик шартида маълумот берган тўрт нафар араб амалдорларининг таъкидлашича, айрим бандлар ўзгариши мумкин ва ҳали кўп масалалар келишилиши лозим, бу эса ташаббус амалга ошишида хавф туғдиради.

Исроил учун бу режа Ғазода хавфсизлик устидан тўғридан-тўғри назорат йўқолишини англатади, бу эса Нетаньяху томонидан жиддий қаршиликка учраяпти. Бундан ташқари, ҳужжатга кўра, Ғазони бошқариш Ғарбий соҳилдаги Фаластин маъмуриятига топширилиши керак, бу эса Исроил раҳбарияти томонидан кескин рад этилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг