Валюта курслари 18/11/2025
$1 – 12009.92
UZS – -0.25%
€1 – 13933.91
UZS – -0.42%
₽1 – 147.80
UZS – -0.92%
Қидириш
Омонхона қишлоғи БМТ Туризм ташкилотининг туризм қишлоқларини ривожлантириш дастурига киритилди

Омонхона қишлоғи БМТ Туризм ташкилотининг туризм қишлоқларини ривожлантириш дастурига киритилди

Омонхона қишлоғи БМТ Туризм ташкилотининг туризм қишлоқларини ривожлантириш дастурига киритилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — БМТ Туризм томонидан навбатдаги “Энг яхши туризм қишлоқлари” (Best Tourism Villages) лойиҳаси ғолиблари эълон қилинди.

Ушбу глобал лойиҳа туризм қишлоқларига эътиборни кучайтириш, кичик қишлоқларнинг ўзгача маданияти, урф-одати ва табиат гўзалликларини сақлаб қолиш мақсадида амалга оширилади. Жорий йил мазкур танловга Африка, Америка, Осиё ва Европа минтақаларидаги 65 та мамлакатдан 270 дан ортиқ номзодлар қабул қилинган.

Туризм қўмитаси томонидан мазкур танлов учун тақдим этилган Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Омонхона қишлоғи номзодномаси танлов ғолибларидан деб топилди ҳамда лойиҳанинг “Ривожлантириш дастури” (Upgrade Programme)га киритилди. Бу халқаро миқёсда Ўзбекистон туризм соҳасининг навбатдаги ютуғи сифатида эътироф этилишидир.

Сурхондарё вилояти Бойсун туманининг тоғли ҳудудида жойлашган Омонхона қишлоғи ўзининг табиий манзаралари, шифобахш булоқлари, тарихий ёдгорликлари, номоддий маданий мероси ҳамда меҳмондўст аҳолиси билан машҳур. Сўнгги йилларда бу ҳудудда туризм инфратузилмаси босқичма-босқич ривожлантирилмоқда, сайёҳларга янада қулай шароитлар яратиш мақсадида қишлоқ ҳудудида туристик марказ барпо этилмоқда. 2024 йил Омонхона қишлоғига Ўзбекистоннинг туризм қишлоғи мақоми берилган эди.

Омонхона қишлоғининг мазкур дастурга киритилиши – бу нафақат халқаро эътироф, балки Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантириш ва янги туризм марказларини шакллантириш йўлидаги изчил сиёсатнинг муваффақиятли натижасидир.

БМТ Туризмнинг “Ривожлантириш дастури”ига дунёнинг туризм салоҳияти юқори бўлган нуфузли қишлоқлари танлов асосида киритилади. Ушбу дастур мутахассислар кўмаги, ўқув дастурлар ва техник маслаҳатлар билан қўллаб-қувватлаш натижасида қишлоқ салоҳиятини янада кўтариш ва сайёҳлар эътиборига ҳавола қилишни мақсад қилади. Дастур доирасида БМТ Туризм экспертлари томонидан туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича стратегик йўл-харита ишлаб чиқиш, халқаро экспертлар билан тренинглар ва консультациялар ўтказиш, маҳаллий бошқарув, хизмат сифати ва маркетинг тизимларини халқаро тажриба асосида яхшилаш, қишлоқни “Энг яхши туризм қишлоқлари тармоғи” (Бест Тоурисм Виллагес Нетворк)га қўшиш орқали бошқа давлатлар билан ҳамкорлик ва тажриба алмашув имконияти яратилиши кўзда тутилган. 

БМТ Туризмнинг “Энг яхши туризм қишлоғи” танлови 2021 йилдан бери ўтказиб келинмоқда. Ушбу мақом экологик ва агротуризм соҳасида нуфузли кўрсаткичларга эга бўлган, шу жумладан маданий ва табиат қадриятларини, органик озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳаёт тарзини сақлаб қолган қишлоқларга берилади ва дунё бўйлаб энг яхши туризм қишлоғи деб тан олинади.

2023 йил Навоий вилоятидаги Сентоб қишлоғи мазкур эътирофга сазовор бўлган эди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг