Омбудсман Навоий вилоятидаги 5-сонли колонияда Алишер Турсуновнинг сақланиш шароитларини текширди
Омбудсман Навоий вилоятидаги 5-сонли колонияда Алишер Турсуновнинг сақланиш шароитларини текширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Навоий вилоятида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳудудий вакили Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган маҳкум Алишер Турсуновнинг сақланиш шароитларини текшириш мақсадида 5-сонли жазони ижро этиш колониясига ташриф буюрди, деб хабар қилди омбудсман аппарати.
Мониторинг давомида маҳкумлар билан, шу жумладан маҳкум А.Т. билан ҳам ҳоли тарзда суҳбат ўтказилди ва унинг соғлиғига оид тиббий ҳужжатлар билан танишилди.
А.Т. муассасада тиббий ёрдам кўрсатилишидан шикояти йўқлигини, мунтазам равишда тўлиқ тиббий текширувдан ўтказиб келинаётганлигини, фақатгина аввалдан мавжуд бўлган касалликлари туфайли соғлиғида бироз ўзгаришлар борлигини ва тегишли тиббий ёрдам олаётганлигини қайд этди.
Шунингдек, муассасада ўз хоҳишига кўра меҳнатга жалб этилганлиги (ошхона ишлари билан шуғулланади) ҳамда қонунчиликда белгиланган вақтлардан ташқари ортиқча меҳнатга жалб этилмаганлигини, иш шароити меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ эканини айтиб ўтди.
Озиқ-овқат таъминоти ва яшаш шароити бўйича ҳам шикоят билдирмади. Унинг сўзларига кўра, соғлиғидан келиб чиқиб, белгиланган норма бўйича озиқ-овқат берилади.
Маҳкум А.Т. билан ўтказилган ҳоли тарздаги суҳбатда у ҳеч қандай масалада мурожаат қилмади.
Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни Учтепа туман жиноят ишлари бўйича суди Алишер Турсуновга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни якунлаган эди. У миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш, шунингдек диний материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ва тарқатишда айбли деб топилган.
Енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олиниб, суд Турсуновга умумий тартибли колонияда ўташ шарти билан икки ярим йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Шунингдек, суд қарорига мувофиқ Facebook, Instagram, Telegram ижтимоий тармоқларида, шунингдек YouTube видеохостингида Mubaşşir Ahmad ва Azon Global номлари билан юритилган саҳифалар ва каналлар блокланиши белгиланди.