Оман Air авиакомпанияси Ўзбекистонга тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйишга тайёрланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси ҳамда Ўмон Султонлиги ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида икки давлат Авиация ҳукуматлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Музокараларда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини йўлга қўйиш, жумладан “Оман Air” авиакомпаниясининг Ўзбекистонга режалаштирилаётган парвозлари, шунингдек икки давлат авиация маъмуриятлари ўртасидаги келишувларни янгилаш билан боғлиқ жиҳатлар муҳокама этилди.
Музокаралар якунига кўра, Ўзбекистон ва Ўмон авиация маъмуриятлари ўртасидаги келишув янгиланди. Имзоланган келишувга асосан ҳар икки томон авиакомпанияларига ҳафтасига 50 тагача қатнов амалга оширишга рухсат берилди.
Шунингдек, Самарканд ҳамда Салала халқаро аэропортларида очиқ осмон режимидан фойдаланиш ҳамда юк ташиш парвозларида ҳар икки мамлакат аэропортларида “бешинчи, олтинчи ва еттинчи ҳаво эркинлиги” дан фойдаланиш ҳуқуқи берилди.
Шунингдек, вазирлик томонидан жорий йилда “Оман Air” авиакомпаниясининг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри мунтазам парвозларини йўлга қўйилишида тегишли ёрдам кўрсатилиши таъкидланди.