Олмалиқда бола ҳуқуқлари бузилиши юзасидан чоралар кўрилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 16 июль куни ижтимоий тармоқларда Олмалиқ шаҳридаги хусусий мактабгача таълим муассасасида болага нисбатан зўравонлик ҳолати бўйича хабар тарқалди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ушбу воқеа юзасидан расмий баёнот берди.
Аниқланишича, 2025 йил 17 июль куни фуқаро R.M.M. томонидан «102» рақами орқали мурожаат қилинган. У ўз мурожаатида қизи M.O.M. "Нео Кидс" номли хусусий мактабгача таълим муассасасида калтакланганини, боланинг юзида шиш ва кўкаришлар борлигини маълум қилган.
Шу куниёқ ички ишлар, маҳалла, ижтимоий ходим ва таълим идоралари вакилларидан иборат махсус гуруҳ ушбу муассасада ўрганиш ишларини амалга оширди. Унга кўра, 2025 йил 16 июль куни мазкур муассасада тарбиячи Q.G.M. томонидан вояга етмаган M.O.M.ga тан жароҳати етказилгани тасдиқланди.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари бошланди. Суд-тиббий экспертиза тайинланди, жараён тўлиқ ҳуқуқий тартибда олиб борилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя қилиш миллий агентлиги барча фуқароларга мурожаат қилади: болаларга нисбатан зўравонлик ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир бўлаётгани тўғрисида хабардор бўлсангиз, зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг 102 рақамига ёки яшаш жойингиздаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига мурожаат қилинг.