“Олмалиқ КМК”да жиддий экологик қонунбузарликлар аниқланди
“Олмалиқ КМК”да жиддий экологик қонунбузарликлар аниқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Олмалиқ коны-металлургия комбинати” АЖда ўтказилган рейд текширувлари давомида Ўзбекистон Миллий экология қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик назорати инспекцияси томонидан Тошкент вилояти ҳудудида бир қатор қонунбузарликлар аниқланди.
Назорат натижаларига кўра, хавфли ишлаб чиқариш чиқиндилари очиқ майдонларда ноқонуний равишда сақланаётгани, бу эса тупроқ ҳамда ер ости сувлари ҳолатига салбий таъсир кўрсатаётгани маълум бўлди. Шунингдек, Оҳангарон шаҳридаги руда бошқармасининг тозалаш иншоотларида ускуналар эскиргани сабабли оқова сувлар етарлича самарали тозаланмаяпти ва натижада улар деярли чиқиндига айланиб, Ангрен дарёсига оқизилмоқда.
Аниқланган қонунбузарликлар муносабати билан корхонага 48 миллиард сўм миқдорида қўшимча компенсация белгиланди. Шу билан бирга, қонунбузарликларни бартараф этиш ва экологик меъёрларга риоя қилиш бўйича 20 банддан иборат мажбурий кўрсатмалар берилди.