Валюта курслари 27/06/2025
$1 – 12586.41
UZS – 0.44%
€1 – 14758.82
UZS – 1.52%
₽1 – 160.42
UZS – 0.38%
Қидириш
Иқтисод 24/04/2025 Олмалиқ KМК рений ишлаб чиқаришни йўлга қўйди

Олмалиқ KМК рений ишлаб чиқаришни йўлга қўйди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда камёб металл — ренийнинг саноат миқёсида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Бу ҳақда Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) матбуот хизмати хабар берди.

ОКМК олим ва мутахассисларининг кўп йиллик илмий-тадқиқот ишлари натижасида, 2021 йилда 99,9% тозаликдаги ренийни олиш технологияси яратилган. Бу юқори кўрсаткич аммоний перренатни водород ёрдамида тиклаш усули орқали қўлга киритилган.

2025 йил учун тасдиқланган бизнес-режага мувофиқ, мазкур металлнинг саноат миқёсида ишлаб чиқарилиши бошлаб юборилди. Ҳозирда Ўзбек технологик металлар комбинати ҳудудида замонавий Германияда ишлаб чиқарилган ускуналар билан жиҳозланган махсус цех ташкил этилган.

Рений ишлаб чиқариш учун хомашё мис эритиш заводи ҳамда маҳаллий саноат корхоналаридан етказиб берилади. Комбинат маълумотларига кўра, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 3 тоннани ташкил этади.

Рений — Менделеевнинг даврий жадвалидаги 75-элемент бўлиб, дунёдаги энг зич ва қаттиқ металлардан бири ҳисобланади. У нефтьни қайта ишлашда катализатор сифатида, авиақурилиш ва электротехникада аниқлик талаб этиладиган деталлар ишлаб чиқаришда, ядро саноатида термопаралар тайёрлашда, тиббиёт ва ювелирлик соҳаларида кенг қўлланилади.

Жаҳон бозорида ренийга талаб юқори бўлиб, 1 килограмм нархи ўртача 2000 АҚШ долларини ташкил қилади.

Ушбу лойиҳа илмий салоҳият ва замонавий технологияларни уйғунлаштирган ҳолда юртимизда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг