Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг амалиёт ўташ тартиби белгиланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳукумат қарори (615-сон, 30.09.2025 й.) билан “Олий ва касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг амалиёт ўташи ва уларни ишга жойлаштириш тизимини рақамлаштириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, таълим ташкилоти ҳар йили 1 октябргача “Ягона миллий меҳнат тизими” ИДАКга (Дастур) киритилган корхона билан битирувчилар амалиётини ўташи бўйича шартнома тузиш учун платформа орқали ушбу корхонага сўров юборади.
Амалиётни ташкил этиш бўйича таълим ташкилоти ва корхона ўртасида шартнома амалиёт бошланишидан камида 3 ҳафта олдин платформа орқали расмийлаштирилади.
Таълим ташкилоти ҳар йили якуний давлат аттестацияси хулосаси асосида битирувчилар тўғрисидаги маълумотларни платформага киритади.
Корхона Дастурга ҳар ойнинг 25-санасигача ўзлари учун зарур кадрлар, шу жумладан, вакант лавозимлар ҳақидаги маълумотларни киритиб боради.
Ишга қабул қилинган ва меҳнат шартномалари Дастурда рўйхатдан ўтказилган битирувчилар платформада автоматик тарзда “бандлиги таъминланган” сифатида қайд этилади.