Валюта курслари 14/10/2025
$1 – 12149.55
UZS – 0.07%
€1 – 14087.40
UZS – 0.24%
₽1 – 150.44
UZS – 0.69%
Қидириш
Олий Мажлисда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг туташ ҳудудларни ободонлаштириш масаласига муносабати тингланди

Олий Мажлисда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг туташ ҳудудларни ободонлаштириш масаласига муносабати тингланди

Олий Мажлисда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг туташ ҳудудларни ободонлаштириш масаласига муносабати тингланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда депутатлар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг парламент сўровига жавобини кўриб чиқдилар.

Қонунчилик палатасининг шу йил 23 сентябрда бўлиб ўтган мажлисида кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларидаги яшил майдонлар, болалар ўйингоҳлари ва спорт майдончаларини жой мулкдорлари, бошқарув сервис компаниялари томонидан сақлаш ва доимий ободонлаштириб бориш, уларнинг туташ ҳудудларини ноқонуний эгаллаб олинишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш сўралган эди.

Маълум қилинишича, айни вақтда республика бўйича 1,5 млндан ортиқ хонадондан иборат 44 280 та кўп квартирали уйлар мавжуд. Шундан 39 859 та уйларга 971 та бошқарувчи ташкилотлар, 851 та уйларга 241 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Президентимизнинг 2023 йил 15 августдаги қарори ижросини таъминлаш доирасида 40 735 та кўп квартирали уйнинг туташ ер участкалари чегаралари аниқланиб, уларни жойлар мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ҳозирда кўп қаватли уйларнинг туташ ҳудудларида 9 937 та болалар майдончаси, 2 385 та умумий фойдаланишдаги ҳожатхона, 285 минг пагонаметрга яқин ирригация тармоғи ҳамда 7,8 млн. м² бетон йўлаклар мавжуд.

2017–2024 йиллар давомида 2 777 та болалар майдончаси, 386 та умумий фойдаланишдаги ҳожатхона қурилиб, 92 минг пагонаметр ирригация тармоқлари ва 1,5 млн м² йўлаклар таъмирланган. 2026–2030 йилларга мўлжалланган режаларга кўра, яна 1 656 та болалар майдончаси, 474 та умумий фойдаланишдаги ҳожатхоналар, 176 минг пагонаметр ирригация тармоқлари ва 1,7 млн м² бетон йўлаклар қурилиши кўзда тутилган.

Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳудудларни ободонлаштириш, гул ва дарахт кўчатлари экиш ишларини амалга оширмоқда. Жорий йилнинг баҳорида 248 881 туп мевали ва манзарали дарахт ҳамда буталар экилган.

2025 йилда олиб борилган назорат тадбирлари давомида кўп квартирали уйларга туташ ерларда 1 952 та ноқонуний қурилиш ҳолати аниқланган. Улардан 738 таси жойида бартараф этилган бўлса, қолган 1 214 та ҳолат юзасидан судларга даво аризалари киритилган.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида вазирликка жисмоний ва юридик шахслардан 1 807 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг аксарияти кўп квартирали уй-жойларни бошқариш органларидан бўлиб, таклиф ва муаммолар мунтазам таҳлил қилинмоқда ва амалий чоралар кўрилмоқда.

Депутатлар ушбу йўналишда вазирлик томонидан муайян ишлар амалга оширилгани, шу билан бирга соҳадаги қонун бузилишларини олдини олиш, кўп квартирали уйларнинг туташ ер участкаларини кўп квартирали уй-жой мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинишини жадаллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар берди.

Шунингдек, уйларнинг туташ ер майдонларини ободонлаштириш ишларидан сўнг дарахтлар, гул кўчатлари ва бошқа яшил ўсимликларни қаровсиз қолдирмасдан доимий парваришлаб бориш лозимлиги таъкидланди.

Мажлисда мазкур масала юзасидан доимий парламент назорати олиб борилиши қайд этилиб, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР