Олий Мажлис Сенатида “Гендер тенглик бўйича кумуш нишони” миллий танлови ғолиблари тақдирланди
Олий Мажлис Сенатида “Гендер тенглик бўйича кумуш нишони” миллий танлови ғолиблари тақдирланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси вакилларига БМТ Тараққиёт дастурининг нуфузли мукофоти – “Гендер тенглик бўйича кумуш нишони” (Gender Equality Seal) тантанали равишда топширилди. Эътиборлиси, мазкур натижага Ўзбекистон МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб эришди.
Ушбу ютуқ халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда ҳамда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг амалий самараси сифатида эътироф этилмоқда.
Маълумки, “Давлат муассасаларининг гендер тенглик нишони” дастури 2022 йил октябрь ойида бошланган бўлиб, лойиҳа БМТ Тараққиёт дастури ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилди.
Дастур доирасида Божхона қўмитасида ички тартиб-қоидалар ва кадрлар сиёсати такомиллаштирилди, институционал ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, аёл ходимлар сони икки баробарга оширилди, раҳбарлик лавозимлари учун захирага киритилган аёллар сони 3 баравар кўпайди, гендер масалалари бўйича эксперт лавозими жорий этилди. Шунингдек, «гендер таҳлил ва гендер бюджетлаштириш» бўйича ички ҳужжатлар қабул қилиниб, хотин-қизларнинг касбий ва бошқарув салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Ушбу ютуқ мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ва инклюзив бошқарувни ривожлантириш борасидаги изчил ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида эътироф этилмоқда.