Олий Мажлис Сенати Кенгаши навбатдаги ялпи мажлисни чақириш тўғрисида қарор қабул қилди
Олий Мажлис Сенати Кенгаши навбатдаги ялпи мажлисни чақириш тўғрисида қарор қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисини 2025 йил 18 декабрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ялпи мажлис кун тартибига жамият ҳаёти, иқтисодий ислоҳотлар, ижтимоий соҳа, қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда парламент назоратига оид 24 та масала киритилди.
Хусусан, мажлисда “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонунлар, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларидан келиб чиқиб қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ қонунлар кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, бюджет жараёнини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали бандликни ошириш, қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга доир ўзгартиришлар киритишга оид қонунларни ялпи мажлисда муҳокама қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, сенаторлар “Ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги қонунни ҳам кўриб чиқади.
Ялпи мажлисда ҳакамлик судлари фаолиятини такомиллаштириш, атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини ривожлантириш, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, атроф-мухит, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар ҳам муҳокама марказида бўлади.
Шу билан бирга, парламент юқори палатаси аъзолари “Марказий Осиё – Хитой” формати Котибияти тўғрисидаги низомни ратификация қилиш масаласини ҳам кўриб чиқади.
Ялпи мажлис мобайнида сенаторлар Вазирлар Маҳкамасига бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати юзасидан парламент сўрови юбориш масаласини ҳамда давлат органларига юборилган қатор парламент сўровлари натижаларини муҳокама қилади.