Олий Мажлис Сенати 31 октябрь куни ўзининг 11-ялпи мажлисини чақиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисини 2025 йил 31 октябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ялпи мажлис кун тартибига жамият ҳаёти ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг долзарб масалаларига оид қатор қонунлар киритилган.
Хусусан, “Пиротехника буюмларининг муомаласи тўғрисида”ги, “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги, “Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга доир қонун кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш чора-тадбирларини кучайтиришга, валюта ва қимматбаҳо металлар муомаласини тартибга солишга, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларини такомиллаштиришга, ижро ишини юритиш тартибини соддалаштиришга ҳамда аграр ва экология соҳаларидаги қонунчиликни янада ривожлантиришга қаратилган қонунлар ҳам муҳокама қилинади.
Шунингдек, ялпи мажлисда сенаторлар томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизимини яхшилашга оид қонунлар ҳам кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З. Махкамовага мамлакатда оила институтини мустаҳкамлаш ва ажримларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олган.