Олий Мажлис қишки мавсумга тайёргарлик бўйича ҳисоботни тинглади
Олий Мажлис қишки мавсумга тайёргарлик бўйича ҳисоботни тинглади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов барқарор энергия таъминотини таъминлаш, коммунал хизматлар сифатини ошириш ва куз-қиш даврига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот берди.
Вазир кейинги йилларда мамлакатимизда жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз ва аҳолининг талаб ҳамда эҳтиёжидан келиб чиқиб, энергетика тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади.
Хусусан, сўнгги йилларда энергетика тизимига 35 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди ва 9 минг мегаватт янги қувватлар ишга туширилди.
Натижада электр ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 60 миллиард киловатт-соатдан жорий йилда 85 миллиард киловатт-соатга етди.
Эътиборли жиҳати, салкам 5 минг мегаваттли қуёш ва шамол, 400 мегаваттли гидроэлектр станциялар ишга туширилди.
Тақдим этилган ахборотга кўра, жорий йил январь-ноябрь ойлари давомида ёқилғи энергетика тармоғида жами 8,8 млрд. доллар хорижий инвестициялар, шундан электр энергетикаси бўйича 6,3 млрд. доллар, яшил энергия лойиҳалари бўйича 4,7 млрд. доллар, нефть-газ соҳаси бўйича 2,5 млрд. доллар ўзлаштирилган.
Шу билан бирга, 2025 йилда умумий қиймати 40,5 млрд. долларлик 58 та йирик лойиҳа ишга туширилиши белгиланган. Улардан жами қуввати 1 413 МВт бўлган 5 та қуёш электр станцияси, қуввати 752 МВт бўлган 4 та шамол электр станцияси, қуввати 168 МВт бўлган 6 та гидроэлектр станцияси, қуввати 1167,3 МВт бўлган 3 та иссиқлик электр станцияси, қуввати 1 147 МВт бўлган 9 та энергия сақлаш қурилмаси ишга туширилади.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида ҳудудларда жами 787 км магистраль, 29,5 минг км тақсимловчи тармоқлар, 9 та магистраль подстанциядаги трансформатор, 10 270 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. Шу жумладан, Тошкент шаҳри бўйича жами 863,1 км. тақсимловчи тармоқлар, 1 та магистраль подстанциядаги трансформатор, 670 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. Бундан ташқари, 7,5 минг км. электр тармоқлари, 1 748 та трансформатор пункти реконструкция ва модернизация қилинди.
Қайд этилганидек, республика бўйича 279 та авариявий бригадалар ташкил этилиб, улар учун 224 та автотранспорт, 279 та махсус техника бириктирилган. Шунингдек, 3 591,4 км. қувурларнинг ички сирти тозаланди, 91 та компрессор станциясидаги газ ҳайдаш агрегатлари таъмирланди.
Бундан ташқари, истеъмолчиларнинг газ таъминотини яхшилаш мақсадида 553,1 км. тармоқлар, 971 та газ тақсимлаш пункти мукаммал таъмирланди, 50 195 та газ тақсимлаш пунктлари техник тафтишдан ўтказилди.
Депутатлар соҳада янада қулай инвестиция муҳитини яратиш, электр узатиш тармоқларини яхшилаш, аҳоли ва тармоқларни куз-қиш мавсумида узлуксиз энергия билан таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишда давлат томонидан имтиёз ва қўллаб-қувватлаш механизмларини ривожлантириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирди.
Халқ вакиллари томонидан энергия таъминотидаги мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар, соҳага жорий этилаётган янгиликлар, инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
Мажлисда Энергетика вазири Ж. Мирзамаҳмудовнинг ахбороти юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.