Оксфорд ўзбек ва эски ўзбек тилларини ўргатишни бошлайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Энди Оксфорд университетининг Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари факультетида ўзбек ва эски ўзбек тиллари ўқитилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.
У университетнинг мукофотига сазовор бўлганини, бу мукофотни Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва имкониятларини кенгайтириш борасида эришилаётган ютуқларнинг эътирофи сифатида баҳолашини таъкидлади.
Саида Мирзиёева ташрифи чоғида Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний”, Алишер Навоийнинг «Хамса», Ҳусайн Бойқаронинг “Девони Ҳусайний” каби нодир қадимий китоблар, шунингдек, Бобурийлар даврига оид миниатюралар ва бошқа ноёб тарихий материаллар сақланадиган Бодлиан кутубхонасига ташриф буюришдан мамнун бўлди.