ОИИБ вакиллари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 9 июнь куни Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг инвестициялар блоки раҳбари Константин Лимитовский бошчилигидаги делегация вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг мижозлар билан ишлаш бўйича раҳбари Ҳонг Веи ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлари Илҳомжон Умрзаков ва Самандар Садуллаев ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, амалга оширилаётган лойиҳалар ва истиқболдаги режалар, жумладан, инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан муҳокамалар олиб борди. Хусусан:
сув таъминоти тизими ривожлантириш ва модернизация қилиш;
йўл инфратузилмасини ривожлантириш;
ҳудудларга электр ва газ етказиб бериш тизимини ривожлантириш;
энергия самарадорлигини ошириш, жумладан, энергия тежамкор технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда биноларда замонавий яшил иситиш тизимларини шакллантириш;
давлат-хусусий шериклик (ДХШ) механизмларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, юқорида қайд этилган масалалар юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтириш ҳамда белгиланган мақсадларга етишда тизимли ва самарали фаолият олиб боришга келишиб олди.