«ЎзтемирЮлКонтейнер» компанияси Ўзбекистондан Шарқий Европа портларига мультимодал ташишни йўлга қўйди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекистон–Европа» йўналишида контейнер ташувларини кенгайтириш доирасида «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ томонидан Сергели логистика марказидан Италия, Греция ва Болгария давлатларининг денгиз портларига карбамид юклари контейнерларда жўнатилди.
Жами 39 та 40 футлик контейнерлардан ташкил топган поезд САССА+ транспорт йўналиши орқали Грузиянинг Поти портидан транзит ўтиб, Бургас (Болгария), Пирей (Греция), Неапол ва Специя (Италия) портларига етказилади. Ташиш муддати ўртача 25–30 кунни ташкил этиши режалаштирилган.
Ушбу ташувлар «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖнинг Европа йўналишидаги мунтазам экспорт операцияларини кенгайтириш, ҳамда Ўзбекистон маҳсулотларини жаҳон бозорларига тез, хавфсиз ва рақобатбардош шароитларда етказиб бериш имкониятларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.