Ўзгидромет «кислотали булутлар» ҳақидаги миш-мишларни рад этди
Ўзгидромет «кислотали булутлар» ҳақидаги миш-мишларни рад этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган, гўёки Эрон ҳудуди устида «кислотали булутлар» шакллангани ва улар ёғингарчилик билан Марказий Осиё мамлакатларига етиб келиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар илмий асосга эга эмас. Бу ҳақда Ўзгидромет маълум қилди.
Идора маълумотига кўра, кислотали ёғингарчилик атмосферада олтингугурт оксидлари (SO₂) ва азот оксидлари (NO₂) тўпланиши натижасида ҳосил бўлади. Ушбу моддалар булутлардаги сув буғи билан кимёвий реакцияга киришиб, натижада кислотали ёғингарчилик пайдо бўлиши мумкин.
Бундай жараёнлар асосан саноат ҳудудларида ёки чиқиндилар манбаларига яқин жойлашган ҳудудларда кузатилади. Ҳаво массалари узоқ масофаларга кўчирилганда эса атмосфера турбулентлиги, вертикал аралашиш, шунингдек қуруқ ва нам чўкиш жараёнлари туфайли ифлослантирувчи моддалар концентрацияси сезиларли даражада камаяди.
Ўзгидрометда таъкидланишича, манбадан минглаб километр узоқликда кислотали ёғингарчиликнинг хавфли концентрацияси шаклланиши деярли имконсиз. Бундан ташқари, ёғингарчилик ҳосил бўлиши булутларнинг маҳаллий шаклланиш жараёнлари билан боғлиқ: ёғаётган ёмғир муайян ҳудуд устидаги атмосферада мавжуд бўлган сув буғи ва аэрозоллардан шаклланади.
Метеорологик кузатувлар ва атмосфера ҳавоси сифати мониторинги маълумотларига кўра, «кислотали булутлар»нинг Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ҳудудига кўчиб ўтиши хавфи кузатилмаяпти.
Шу муносабат билан Ўзгидромет оммавий ахборот воситаларини ишончсиз ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликка, фақат расмий манбаларга таянишга чақирди. Идора шунингдек ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумотлар тарқатиш учун қонунчиликда жавобгарлик чоралари назарда тутилганини эслатди.