«Ўзелтехсаноат» хитойлик ҳамкорлар билан босма платалар ишлаб чиқариш инфратузилмасини яратишни таклиф қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзелтехсаноат» уюшмаси раиси М. Юнусов Хитойнинг «China Printed Circuit Association» (CPCA) уюшмаси директори Юффие Гао билан видеоконференс алоқа орқали учрашув ўтказди.
Унда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, технология алмашинуви, стандартлаштириш ва малака ошириш йўналишлари бўйича масалалар муҳокама қилинди.
China Printed Circuit Association (CPCA) — бу Хитойдаги электроника саноатининг етакчи уюшмаси бўлиб, босма плата ва электрон йиғма маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар, илмий марказлар ҳамда таъминот занжири иштирокчиларини бирлаштиради. Уюшма соҳада техник стандартларни ишлаб чиқиш, халқаро кўргазмалар ташкил этиш ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.
Учрашувда Хитой томонига электрон платалар ишлаб чиқариш учун замонавий инфратузилмани шакллантириш, тайёр маҳсулотларни ривожланган мамлакатларга экспорт қилиш, шунингдек, «“R&D» марказларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик таклифлари билдирилди.