«Ўзелтехсаноат» уюшмасида Россия Савдо ваколатхонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 16 май куни «Ўзелтехсаноат» уюшмасида Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Савдо ваколатхонаси вакиллари ҳамда уюшма раиси Мирзиёд Юнусов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Россия томонидан Савдо вакили K. Злигостев бошчилигидаги делегация вакиллари иштирок этдилар. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад – икки мамлакат ўртасида электротехника саноати йўналишида ўзаро ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш ва савдо алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Музокаралар давомида томонлар Россиянинг электротехника соҳасида фаолият юритувчи етакчи компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш, уларнинг Тошкент вилоятида жойлашган “Eltech Industrial” технопаркида жойлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмларини ошириш, Ўзбекистонга Россия капитали иштирокидаги инвестицион лойиҳаларни жалб қилиш ва технологик ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги саноат-инновацион ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга ёрдам бериши таъкидланди. Томонлар келгусида ҳам изчил ва амалий шерикликни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.