Валюта курслари 19/06/2025
$1 – 12618.63
UZS – -0.39%
€1 – 14516.47
UZS – -0.85%
₽1 – 160.83
UZS – -0.2%
Қидириш
Иқтисод 19/06/2025 «Ўзелтехсаноат» уюшмаси маҳсулотлари Афғонистон бозорида катта қизиқиш уйғотди

«Ўзелтехсаноат» уюшмаси маҳсулотлари Афғонистон бозорида катта қизиқиш уйғотди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрида ўтказилаётган савдо ярмаркаси доирасида «Ўзелтехсаноат» уюшмаси бошчилигидаги мамлакатимиз электротехника саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кенг намойиш этилмоқда.

Ярмаркада “Made in Uzbekistan” бренди остида тақдим этилаётган юқори сифатли электротехника маҳсулотлари, маиший техника воситалари ҳамда инновацион технологик ечимлар Афғонистон бозорида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Тадбир давомида икки давлат тадбиркор ва инвесторларининг ўзаро мулоқоти фаоллашган бўлиб, бизнес учрашувлар, янги экспорт шартномаларини имзолаш, шунингдек, келгусидаги ҳамкорлик лойиҳалари юзасидан музокаралар бўлиб ўтмоқда.

Мазкур ярмарка Афғонистон бозорининг реал эҳтиёжларини ўрганиш, жойлардаги потенциал харидорлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда маҳаллий ҳамкорлар билан барқарор иқтисодий муносабатлар ўрнатишга замин яратмоқда.

«Ўзелтехсаноат» уюшмаси ярмаркада мамлакатимизнинг етакчи электротехника саноати корхоналарининг фаол иштирокини таъминламоқда. Бу орқали Ўзбекистон электротехника маҳсулотларининг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва “Made in Uzbekistan” бренди нуфузини янада мустаҳкамлаш мақсад қилинмоқда.

Тадбир доирасида маҳаллий ва халқаро ҳамкорлар, инвесторлар, тадбиркорлар учун мулоқот майдони, маҳсулотлар билан бевосита танишиш ва келишувлар учун кенг имкониятлар яратилган.

Ярмарка 20 июнь кунига қадар давом этади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг