«Ўзбектелеком» фойда капитализацияси орқали устав капиталини оширади
«Ўзбектелеком» фойда капитализацияси орқали устав капиталини оширади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 28 январь куни бўлиб ўтган «Ўзбектелеком» АК Кузатув кенгаши йиғилиши якунларига кўра, фойдани капитализация қилиш ҳисобидан устав капиталини ошириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига мувофиқ, компания устав фонди 652,3 млрд сўмга оширилиб, 978,5 млрд сўмга етказилади.
Қўшимча эмиссия ҳажми номинал қиймати 1 154 сўм бўлган 565,3 млн дона акцияни ташкил этади. Шундан 545,6 млн донаси оддий, 19,7 млн донаси имтиёзли акциялардир.
Жойлаштириш давлат рўйхатидан ўтказилган сана ҳолатига кўра 15-кун шакллантириладиган акциядорлар реэстрига асосан, амалдаги акциядорлар ўртасида уларнинг улушига мутаносиб равишда ёпиқ обуна йўли билан амалга оширилади — яъни ҳар бир мавжуд 1 дона акция учун қўшимча 2 дона акция ҳисобидан.
Капитални ошириш манбаи — компаниянинг 2019–2024 йиллар якунлари бўйича олинган ва унинг тасарруфида қолдирилган соф фойдаси ҳамда 2019 йилда амалга оширилган капитализациядан қолган маблағлар ҳисобланади.