«Ўзбекнефтгаз» АЖ БУРИНТEКҲ билан ҳамкорликни муҳокама қилди
«Ўзбекнефтгаз» АЖ БУРИНТEКҲ билан ҳамкорликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоронинг миллий ҳажвия ва юмор қаҳрамони Насриддин Афанди билан боғлиқ афсона ва асотирлар, ҳикоялар, ҳазил-мутойиба халқимизнинг асрлар давомида шаклланган донишмандлиги, топқирлиги ҳамда ҳаётий тажрибасини ўзида мужассам этади.
Кўҳна ва боқий Бухорода 1 апрель — Бутунжаҳон кулги куни муносабати билан “Насриддин Афанди” ҳамда “Шарқ таомлари” анъанавий фестиваллари тантанали равишда ўтказилди.
Маълумки, 1 апрель жаҳон миқёсида кулги ва ҳазил-мутойиба куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана инсонлар қалбига қувонч улашиш, ижобий кайфиятни мустаҳкамлаш ва ҳаётга енгил нигоҳ билан қарашга ундаши билан аҳамиятлидир. Қадимий Бухорода ҳам мазкур байрам ўзига хос руҳда нишонланиб, халқона анъаналар ва замонавий маданий тадбирлар уйғунлигида ўтди.
Жорий йилги фестиваль Насриддин Афанди бошчилигидаги иштирокчиларнинг “Пойи Калон” мажмуаси, «Арк» қўрғонидан “Нодир Девонбеги” мадрасасигача бўлган масофага миллий карвон юриши билан бошланди. Эски шаҳар кўчалари бўйлаб янграган миллий куй-қўшиқлар, фольклор этнографик халқ жамоалари, турли эртак қаҳрамонлари, миллий қаҳрамонларнинг қиёфаси акс этган катта-кичик қўғирчоқлар аҳоли, фестиваль меҳмонлари, айниқса, хорижий сайёҳларнинг ҳайратини оширди.
Бой тарихга эга қадим юртнинг туризм салоҳиятини дунё миқёсда кенг намойиш этиш, тарихий қадриятларимиз тарғиботини янада оширишни ўзида мақсад қилган мазкур фестивалга нафақат маҳаллий, балки, чет эллик меҳмонларнинг қизиқишлари ҳам ортиб бормоқда.
Тадбирнинг рамзий очилиш маросими Нодир Девонбеги мадрасаси ҳовлисида, Насриддин Афанди ҳайкали пойида бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров сўзга чиқиб, фестивалнинг аҳамияти ва унинг туризмни ривожлантиришдаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтди ҳамда барчани кулги куни билан табриклади.
Эътироф этилганидек, Насриддин Афанди — халқ оғзаки ижодининг беқиёс тимсоли, заковат ва ҳазил орқали ҳаёт ҳақиқатларини етказувчи сиймо. Унинг ҳикоялари асрлар давомида халқни кулдирибгина қолмай, одамларни ўйлашга, тўғри хулоса чиқаришга ундаб келмоқда.
Шу билан бирга, “Шарқ таомлари” фестивали миллий ошхонамиз ва умуман, Шарқ халқлари пазандалик санъатининг ноёб намуналарини намоён этади. Бу ерда ҳар бир таом — тарих, ҳар бир таъм — маданият, ҳар бир ҳид — анъанадир. Бунда меҳмонлар турли халқлар ошхонаси билан яқиндан танишиб, уларнинг ўзига хос жиҳатларини ҳис қилиш имкониятига эга бўладилар. Мана, 10 йилдирки, Бухорода зўр тантана қилинаётган бу тадбирлар нафақат маданий меросимизни тарғиб қилиш, балки халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фестиваль доирасида Сомонийлар мақбараси олдида бўлиб ўтган “Шарқ таомлари” танлови ҳам эсда қоларли бўлди. Унда Бухоронинг “софи оши” билан танилган зўр ошпазлари ўзаро баҳсларга киришиб, меҳмонларни миллий таомлар билан сийладилар.
Кун бўйи тадбирларда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар, меҳмонлар эътиборига ҳавола этилган миллий ҳунармандчилик ҳамда анъанавий таомлар кўргазмалари, концерт дастури, кўнгилочар чиқишлар барчага байрамона кайфият улашди.
Мазкур фестиваллар Бухоронинг туризм салоҳиятини халқаро миқёсда кенг намойиш этиш, миллий қадриятларимизни тарғиб қилиш ҳамда маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шу боис, ушбу байрам нафақат кўнгилочар тадбир, балки жамиятда ижобий муҳитни мустаҳкамловчи, инсонларни бирлаштирувчи муҳим маданий воқеа сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда.