Валюта курслари 09/01/2026
$1 – 12109.02
UZS – 0.63%
€1 – 14139.70
UZS – 0.56%
₽1 – 150.31
UZS – 0.68%
Қидириш
«Ўзбекнефтегаз» нефть базалари фаолиятини танқид қилди ва кадрлар ўзгаришини эълон қилди

«Ўзбекнефтегаз» нефть базалари фаолиятини танқид қилди ва кадрлар ўзгаришини эълон қилди

«Ўзбекнефтегаз» нефть базалари фаолиятини танқид қилди ва кадрлар ўзгаришини эълон қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси А. Сангинов нефть базалар раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида 2025 йилда амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммоларни очиқ муҳокама қилиш ҳамда 2026 йилги режа ва вазифаларни белгилаб олиш мақсадида танқидий йиғилиш ўтказди.

Унда нефть базалар фаолиятини соғломлаштириш, молиявий ва бошқарув интизомини кучайтириш, активлардан самарали фойдаланиш, ишчи-хизматчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳамда ўртача иш ҳақини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Аҳолига хизмат кўрсатишда ҳалоллик, поклик ва очиқлик тамойилларига қатъий амал қилиш, сифатли нефть маҳсулотларини барқарор ва узлуксиз етказиб бериш нефть базалар фаолиятининг устувор йўналиши бўлиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда нефть базаларнинг ҳозирги ҳолати қониқарсиз экани, маҳсулот реализациясида самарали ва шаффоф тизим йўлга қўйилмагани қайд этилди. Хусусан, 2025 йил давомида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи олдида қарздорликнинг сезиларли ошиб кетгани, ходимлар фаолияти устидан назорат етарли даражада таъминланмагани кескин танқид қилинди.

Нефть маҳсулотларини олдиндан тўловларсиз етказиб берилиши эвазига жорий йил 1 январь ҳолатига келиб истеъмолчиларнинг нефть базалар олдидаги қарздорлиги 322,5 млрд сўмга етган, шундан қишлоқ хўжалиги корхоналарининг қарзи 243,2 млрд сўм ёки 75 фоизини ташкил қилади.

Аслида тўловсиз нефть маҳсулотларини реализация қилиш мумкин эмас, шунга қарамай қарзга берилган, ундириш масаласи билан шуғулланилмаган.

Энг ачинарлиси қишлоқ хўжалиги корхоналарига берилган 243,2 млрд сўмлик қарздорликнинг 158 млрд сўми (65 фоизи) умидсиз қарздорликка айланган.

Олиб борилган ўрганиш ва таҳлиллар асосида йил давомида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Термиз, Жиззах, Мароқанд, Кучлик ҳамда Тўрақўрғон нефть базалари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Шунингдек, аксарият нефть базаларида мавжуд сиғимлардан самарали фойдаланилмаётгани, айрим объектлар бўш тургани оқибатида ортиқча харажатлар юзага келаётгани ва бу даромадга таъсир қилаётганига эътироз билдирилди. Ер участкаларини консервация қилиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Нефть база раҳбарларининг қўшимча даромад манбаларини излашга етарлича ташаббус кўрсатмагани, боқимандалик кайфияти сақланиб қолгани ҳам салбий ҳолат сифатида баҳоланди.

Талон-тарожлик ва ноқонуний ҳолатларни кескин камайтириш мақсадида рақамлаштириш бўйича хорижий илғор тажрибалар ўрганилиб, миллий моделни жорий этиш таклифи илгари сурилди. Ушбу йўналишда рақамли назоратни жорий этиш ягона самарали ечим экани қайд этилди. Барча нефть базаларни автоматлаштириш ва Жамиятнинг Марказий диспетчерлик хизмати мониторларига интеграция қилиш бўйича 2026 йил учун Дастур ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Бундан ташқари, нефть базалардаги комплаенс ходимлари фаолияти ҳам қониқарсиз деб баҳоланди. Энди ҳар бир ходимнинг КПИи нефть базада аниқлаган камчиликка қараб белгиланади.

Юзага келган вазиятни инобатга олиб, “Долзарб 100 кунлик” чора-тадбирлар доирасида нефть базаларда ҳам “фавқулодда ҳолат” эълон қилинди. Уларни соғломлаштириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган комплекс дастур ишлаб чиқилиши белгиланди. Мазкур дастурда талон-тарожликка чек қўйиш, солиқ юкини камайтириш, маҳсулот реализация ҳажмларини ошириш, дебитор қарздорликни сўндириш асосий вазифалар этиб белгиланади.

Белгиланган чора-тадбирларнинг асоси — ишчи-хизматчилар учун муносиб шароит яратиш, ойлик иш ҳақларини ошириш орқали ҳалол меҳнатга рағбат уйғотиш ҳамда “ҳалоллик вакцинаси”ни амалиётга татбиқ этишдан иборат бўлади. Сифатли маҳсулот етказиб бериш ҳар бир ходимнинг шахсий масъулияти ва кундалик шиорига айланиши лозимлиги таъкидланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг