Валюта курслари 05/12/2025
$1 – 11963.23
UZS – 0.43%
€1 – 13970.66
UZS – 0.7%
₽1 – 155.35
UZS – 1.28%
Қидириш
Ўзбекистоннинг 2026 йилги бюджети тўғрисидаги қонун қабул қилинди ва Сенатга юборилди

Ўзбекистоннинг 2026 йилги бюджети тўғрисидаги қонун қабул қилинди ва Сенатга юборилди

Ўзбекистоннинг 2026 йилги бюджети тўғрисидаги қонун қабул қилинди ва Сенатга юборилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.

Таъкидланганидек, келгуси йилга мўлжалланган Давлат буджети тўғрисидаги қонун лойиҳасининг кўриб чиқилиши ўтган йиллардагига нисбатан фарқ қилди. Хусусан, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнларида “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган муҳим устувор йўналишларни амалга ошириш билан боғлиқ тадбирларни молиявий ва иқтисодий ечимига қаратилди.

Қўмиталар томонидан ўтказилган йиғилишлар, сиёсий партияларнинг фракцияларидаги муҳокамаларда депутатлар томонидан 100 дан ортиқ саволлар, 10 дан ортиқ консептуал аҳамиятга эга таклиф ва тавсиялар берилди. Асослантирилган қатор таклифлар қонун лойиҳасида ўз аксини топди.

Депутатлар билдирган таклиф ва тавсияларни ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасига бир қанча консептуал аҳамиятга эга бўлган ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари таклифига мувофиқ, Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятларида онкологик ва юқумли бўлмаган бошқа касалликларнинг ўтказиб юборилган босқичини бошидан кечираётган беморларни стационар ҳамда амбулатор шароитида, шунингдек, уйда тиббий даволаш имконияти бўлмаганда, уларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатадиган ҳудудлараро хосписларни ташкил этиш учун 50 млрд. сўм маблағ кўзда тутилмоқда.

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан берилган таклифлар асосида иқтисодиётнинг стратегик жиҳатдан муҳим сектори сифатида туризм соҳасининг тизимли ва барқарор ривожланишини таъминлаш, соҳада давлат бошқарувини янада такомиллаштирилишига доир тизимли ўзгаришларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси учун республика буджетидан 194 млрд. сўм маблағ ажратилиши белгиланмоқда.

ЎзХДП ва «Адолат» СДП фракциялари томонидан билдирилган таклифга мувофиқ эса оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва ёрдам кўрсатиш учун Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига қўшимча 67 млрд. сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Ўзбекистон Экологик партия фракцияси томонидан глобал экологик вазиятни яхшилашда муҳим аҳамият касб этувчи Оролбўйи минтақасида ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни молиялаштириш учун билдирилган таклиф қаноатлантирилиб, бунинг учун 24 млрд. сўм маблағ ажратилмоқда.

Муҳокамаларга бой бўлган мажлисда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича кўтарилган масалаларга ҳукумат томонидан тузилган ишчи гуруҳ ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари ойдинлик киритишди.

Халқ вакиллари буджетдан ажратилаётган маблағлардан самаралива оқилона фойдаланиш борасида давлат органлари ва ташкилотларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирдилар. Шунингдек, парламент ва депутатлик назоратини олиб борилиши лозимлиги таъкидланди.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг