Ўзбекистонлик ўқувчи “WorldSkills Asia Taipei 2025”да “Миллат фахри” мукофотига сазовор бўлд
Ўзбекистонлик ўқувчи “WorldSkills Asia Taipei 2025”да “Миллат фахри” мукофотига сазовор бўлд
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитой Халқ Республикаси Тайпей шаҳрида жорий йилнинг 27–29 ноябрь кунлари бўлиб ўтган “WorldSkills Asia Taipei 2025” халқаро касбий маҳорат чемпионатида Ўзбекистон делегацияси муносиб иштирок этди.
Мусобақада мамлакатимиздан 16 та йўналиш бўйича 32 нафар иштирокчи қатнашиб, ўз касбий билим ва маҳоратини намоён қилди.
Чемпионат якунларига кўра, Сирдарё вилояти Ширин энергетика техникуми ўқувчиси Иқболмирзо Абдусамадов электромонтаж йўналишида фаол иштироки ва юқори масъулияти учун WorldSkills International томонидан бериладиган “Best of Nation" – "Миллат фахри” мукофотига сазовор бўлди.
“Миллат фахри” мукофоти иштирокчининг мусобақада мамлакат шаънини муносиб ҳимоя қилгани учун бериладиган юксак халқаро мукофот саналади. Иқболмирзо Абдусамадовнинг натижаси Ширин энергетика техникумида амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари, мураббийлар меҳнати ва ёшларнинг касбий салоҳиятини ошириш борасидаги тизимли ишларнинг амалий самарасидир.
Ўзбекистон жамоасининг халқаро майдондаги ушбу муваффақияти юртимизда касбий таълимни ривожлантириш, замонавий касблар бўйича халқаро стандартларга мос, рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш жараёнининг изчил давом этаётганидан далолат беради.