Валюта курслари 30/10/2025
$1 – 11990.53
UZS – -0.12%
€1 – 13959.38
UZS – -0.24%
₽1 – 150.71
UZS – 0.33%
Қидириш
Ўзбекистон–Германия қўшма комиссиясининг V йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон–Германия қўшма комиссиясининг V йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон–Германия қўшма комиссиясининг V йиғилиши бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Йиғилишда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамраислигида Фанлар академияси ва Маданият вазирлигининг тегишли бўлинмалари раҳбарлари, Германия томонидан эса Германия Ташқи ишлар вазирлигининг Ижтимоий ва маданий ҳамкорлик департаменти директори ўринбосари жаноб Штефан Россел бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар, таълим ва илмий соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда янги ташаббуслар муҳокама қилинди. 

Томонлар икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни кенгайтириш, касбий таълим тизимида Германия тажрибасига асосланган дуал таълим моделини жорий этиш, қўшма илмий тадқиқотлар ва археологик изланишларни йўлга қўйиш масалаларида фикр алмашдилар.

Ўзбекистон-Германия маданий-гуманитар муносабатлари узоқ йиллардан буён изчил ривожланиб келмоқда. 1993 йил 28 апрелда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Германия Федератив Республикаси Ҳукумати ўртасида маданий ҳамкорлик тўғрисидаги битим” ушбу соҳадаги алоқалар учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик фан, таълим, маданият, санъат, спорт, архитектура ва археология каби соҳаларни қамраб олган. Ўзбекистонда ўрганилаётган Европа тиллари орасида немис тили энг оммалашган тиллардан бири бўлиб, унинг ўқитилишида DААD ва Гёте институти муҳим роль ўйнамоқда.

Ҳозирда Ўзбекистон ва Германия олийгоҳлари ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида 80 дан ортиқ ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда. Хусусан, Анхалт амалий фанлар университети билан ҳамкорликда Ўзбекистонда Ўзбек-Немис университетини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа мамлакатимизда илк немис олийгоҳи бўлиши кутилмоқда.

Музокаралар якунида томонлар маданий-гуманитар ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар ва қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини таъкидладилар. Учрашув сўнгида Маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Германия қўшма комиссиясининг 5-йиғилиши баённомаси имзоланди.

Ташриф дастурига мувофиқ, немис делегацияси раҳбари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасидаги тадбирларда ҳам иштирок этади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг