Ўзбекистонга Хитойдан электробусларнинг навбатдаги партияси жўнатилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонга Хитойдан электробусларнинг навбатдаги партияси жўнатилди.
Аввал хабар берилганидек, "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг "Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили"да амалга оширишга оид давлат дастури" доирасида иқлим ўзгаришига мослашиш, углерод нейтраллигига эришиш, “яшил лойиҳалар”ни амалга ошириш мақсадида Тошкент шаҳри жамоат транспортини ривожлантириш йўналишида 2025 йилда 200 дона электробуслар ва улар учун қувватлаш ускуналари хариди лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур харидларни амалга ошириш мақсадида ўтказилган энг яхши таклифлар танловида Хитой Халқ Республикаси “YUTONG BUS Co., Ltd.” компанияси ғолиб бўлган эди. Компания билан тузилган шартномага мувофиқ ҳаракат таркибларини етказиб бериш жараёни бошланди. Мазкур лойиҳа Хитойнинг Эхимбанки ҳамда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг молиявий кўлмагида амалга оширилмоқда.
100 та электробусдан иборат биринчи партия Хоргосдан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга йўлга чиқарилди. Барча электробусларни жўнатиш жараёни жорий йилнинг сентябрь ойи охирига қадар якунланиши мўлжалланмоқда.