Ўзбекистонда яширин иқтисодиётга қарши кураш кучайтирилиб, солиқ тушумлари кўпаймоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 6 октябрдаги мажлисида берилган топшириққа асосан Солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Солиқ қўмитаси ва Департамент раҳбарияти, уларнинг ҳудудий органлари бошлиқлари, шунингдек, Яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича комиссия аъзолари бўлган мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда асосий эътибор яширин иқтисодиётга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, жумладан хуфиёна айланма улуши юқори қурилиш, хизмат кўрсатиш, савдо, туризм, транспорт, дам олиш масканлари, тиббий хизматлар, иш ўринлари ва иш ҳақи жамғармасини яшириш билан боғлиқ мавжуд муаммолар таҳлили ҳамда ҳамкорликда амалга ошириладиган долзарб вазифаларни белгилашга қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг вақтида қабул қилган қарорлари ҳамда соҳага кенг татбиқ этилаётган рақамлаштириш жараёнлари, ЭҲФ, ОНКМ, рақамли маркировка, МХИК, электрон юк хати, кенг жамоатчиликни жалб қилиш орқали рағбатлантириш институтларининг (кешбек) жорий этилиши яширин иқтисодиёт улушини соҳаларга қараб 10-20 фоизгача «соя»дан чиқаришга хизмат қилганлиги эътироф этилди.
Мазкур йўналишда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижасида ҳудудлардаги корхоналарнинг товар айланмаси 42 фоизга ошиб, 737 трлн.сўмга етган, 26,8 мингта корхона товар айланмаси 2 бараварга ўсиб, 189 трлн.сўмни ташкил этган. Ўтган йили товар айланмаси бўлмаган 24,3 мингта корхона бу йил 93,4 трлн.сўм айланмани амалга оширганлиги қайд этилди.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида жорий йилнинг 9 ойида давлат бюджетига 158,7 трлн сўмлик солиқ тушумлари таъминланди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга ёки 23,8 трлн сўмга кўпдир. Шу билан бирга ҳудудлар солиқ тушумлари 9 ойда 27 фоизга, ИИИ чоракда 30 фоизга ўсган. Энг юқори ўсиш суръатлари Навоий (86%), Фарғона (39%), Сирдарё (32%) вилотялари ҳамда Тошкент шаҳрида (33%) қайд этилди.
Иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришлар, корхонабай ва маҳаллабай ишлаш институтлари самарадорлиги ҳамда солиқ базасини кенгайтиришда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, прокуратура органлари билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижаси билан ИИИ чоракда ҳудудларда фойда солиғи тушуми – 54 фоизга ва ҚҚС - 28 фоизга ўсганлиги билдирилди.
Яширин иқтисодиёт улуши юқори баҳоланиб келинган умумий овқатланиш соҳасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харидини электрон амалга ошириш ва ҚҚСни кешбек сифатида қайтариш институти жорий этилиши ҚҚС тушумини 44 фоизга оширишда муҳим омил бўлди.
Йиғилишда шунингдек, яширин иш ўринлари ва иш ҳақи жамғармасини легаллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, бажарилиши керак бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Хусусан, ҳудудлардаги 14,5 мингта корхонада ишчилари сони 2 ва ундан ортиқ кўпайиб, 255 мингтани ташкил этган, ўтган йили умуман ишчи кўрсатмаган 17,8 мингта корхона 96,1 мингта ишчисини ҳисоботида акс эттирган. Бундан ташқари 24,1 мингта корхонада иш ҳақи фонди 2 ва ундан ортиқ маротабага кўпайиб, 8,6 трлн.сўмни ташкил этган, ўтган йили умуман ишчи ҳақи ҳисобламаган 17,1 мингта корхонада 1,9 трлн.сўм иш ҳақи ҳисобланиши таъминланган.
Муҳокама натижалари билан яширин иқтисодиётни соядан чиқаришда товар ва хизматлар ҳисобини юритиш, электрон савдони кенгайишида ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган назорат механизмларини такомилаштириш, кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда рағбатлантириш институтларини янада такомиллаштириш, ривожланган мамлакатлар тажрибасида синовдан ўтказилган янги инструментларни амалиётга киритиш, айрим соҳаларда стандарт ва меъёрларни қайта кўриб чиқиш зарурати бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.