Ўзбекистонда визани онлайн узайтириш имконияти яратилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан эндиликда мамлакатда бўлиш визасини онлайн тарзда узайтириш мумкинлиги ҳақида портал матбуот хизмати хабар берди.
Эндиликда республика ҳудудида виза асосида бўлиб турган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар «Фуқаролик» бўлими орқали визани узайтириш учун ариза топшириш имкониятига эга. Бунда электрон шаклни тўлдириш, паспорт ёки саёҳат учун мўлжалланган бошқа ҳужжат нусхасини ҳамда визани узайтириш асосини тасдиқловчи ҳужжатни илова қилиш талаб этилади. Ариза амалдаги визанинг муддати тугашидан камида ўн кун олдин топширилиши лозим.
Визани узайтиришни аризачининг Ўзбекистон фуқароси бўлган яқин қариндоши ёки ишончли вакили ҳам расмийлаштириши мумкин. Бу ҳолда нотариал тасдиқланган ишончнома илова қилиниши шарт.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти аризаларни 15 иш куни ичида кўриб чиқади. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, аризачи белгиланган тарифлар бўйича давлат божини тўлаш учун квитанцияни олади. Тўлов амалга оширилгандан кейин хорижий фуқаро паспортини уч иш куни ичида маҳаллий миграция бўлимига топшириши керак. Шундан кейин икки иш кунидан кечикмай паспорт қайта топширилади ва унга визани узайтиришни тасдиқловчи стикер ёпиштирилади.