Ўзбекистонда «Умра» зиёрат сафарларини тарғиб қилишда реклама тўғрисидаги қонун бузилишлари аниқланди
Ўзбекистонда «Умра» зиёрат сафарларини тарғиб қилишда реклама тўғрисидаги қонун бузилишлари аниқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Рақобат қўмитаси оммавий ахборот воситалари ва интернет ресурсларида жойлаштирилган реклама материалларини «Реклама тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқлиги юзасидан текширувни бошлади. Айниқса туроператорлар томонидан «Умра» зиёрат сафарларини ташкил этиш ва ўтказишга доир рекламаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Таҳлил жараёнида Сурхондарё ва Фарғона вилоятларидаги ҳудудий бошқармалар томонидан «Sharofiddin Travel» ва «Fayz Tour Travel» масъулияти чекланган жамиятлари амалдаги туристик фаолият лицензияси мавжуд бўлмаган ҳолда реклама материалларини жойлаштиргани аниқланди, бу эса қонун талабларини бузиш ҳисобланади. Ушбу ташкилотларга нисбатан ишлар қўзғатилиб, молиявий жарималар қўлланилди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сурхондарё, Наманган, Фарғона, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ўтказилган текширувлар давомида 12 та Telegram канал ва Instagram саҳифалари маъмурлари томонидан қонун талаблари бузилгани аниқланди. Улар орасида «Marmaristour.uz», «rozumbetovjurabek», «uzmobile_aviakassa», «Samarqanddan Umra ziyorati», «Umra Ziyorati», «Fazliddin Umra jamiyati», «Muborak safar», «Qo'qimboyliklar», «Saudiyaga sayohat», «Umra rasmiy», «Aviakassa721» ва «Nursafar» бор. Масъул шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Ўтказилган ўрганишлар якунларига кўра реклама қоидаларига риоя этилишини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунда назарда тутилган барча чоралар кўрилади.