Ўзбекистонда таълим, соғлиқни сақлаш ва транспортда экологик лойиҳа ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва мактаблар, касалхоналар ҳамда жамоат транспортида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган янги лойиҳа бошланди. Ушбу ташаббус Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Тараққиёт Дастури (БМТТД) томонидан Япония ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида амалга оширилмоқда.
Лойиҳа энергия самарадорлигини янада оширишга қаратилган бўлиб, мамлакат инфратузилмасини иқлим ўзгаришларига чидамлироқ қилишга ёрдам беради.
· Энергия тежамкор мактаблар, касалхоналар ва боғчалар. Биноларда иссиқлик изоляцияси, энергия тежовчи деразалар, иссиқлик насослари ва қуёш панеллари ўрнатилади, бу энергия сарфини камайтиради ва йил давомида қулай шароит яратади.
· СО₂ чиқиндилари ва ҳаво ифлосланишининг камайиши. Тоза технологиялардан фойдаланиш ва қазиб олинадиган ёқилғига қарамликни камайтириш углерод изини камайтиради ҳамда шаҳар ва қишлоқларда ҳаво сифатини яхшилайди.
· Иссиқ ва совуқда қулайлик. Замонавий иситиш ва совутиш тизимларини жорий этиш.
· «Яшил» транспортни қўллаб-қувватлаш. Электр транспорти, зарядлаш инфратузилмаси ва йўналишлар бўйлаб ҳаво ифлосланишини мониторинг қилиш бўйича пилот ечимлар жорий этилади.
· Япониядан инвестициялар ва технологиялар. Биргаликда кредитлаш механизми (ЖСМ) орқали Япония молияси, технологиялари ва тажрибаси жалб қилинади, бу муваффақиятли ечимларни мамлакат бўйлаб кенгайтириш учун шароит яратади.
Самарали ва замонавий инфратузилмани ташкил этиш қазиб олинадиган ёқилғига нисбатан эҳтиёжни камайтиради, коммунал хизматлар учун тўловларни пасайтиради ва одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилайди.
Лойиҳа Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги Париж келишуви доирасидаги битимга асосланган бўлиб, бу мамлакатнинг 2030 йилга қадар иссиқхона газларини 35% га камайтириш ва «тоза» энергия улушини 54% га ошириш мақсадларини амалга оширишга ҳисса қўшади.