Валюта курслари 18/08/2025
$1 – 12547.38
UZS – -0.27%
€1 – 14665.38
UZS – -0.22%
₽1 – 157.02
UZS – -0.46%
Қидириш
Иқтисод 18/08/2025 Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти барқарор ўсишни намоён этмоқда

Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти барқарор ўсишни намоён этмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тадбиркорлар куни арафасида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бутун республика бўйлаб ўтказилган сўровнома асосида Ўзбекистондаги бизнес муҳитига оид таҳлилини тақдим этди. Тадқиқот натижаларга кўра, тадбиркорларнинг учдан бир қисми бизнес фаолияти яхшиланганини қайд этган, аксарият иштирокчилар эса яқин ойларда талаб ва бандлик ўсишини кутмоқда. Умуман олганда, мамлакатда тадбиркорлик муҳити сўнгги йиллардаги ижобий тенденцияни сақлаган ҳолда мустаҳкамланишда давом этмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) жорий йил июль ойи учун бизнес муҳити таҳлили натижаларини эълон қилди. Унга кўра, бизнеснинг ҳозирги ҳолати ва яқин келажакдаги ривожланиш бўйича кутилмаларни акс эттирадиган Бизнес муҳити индекси шакллантирилди.

Бизнес муҳити таҳлили

Июль ойида Ўзбекистонда жами бизнес муҳити индекси 52 бандни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 бандга ўсди. Бу ўсиш асосан тадбиркорликнинг жорий фаоллиги ҳисобидан кузатилди. Хусусан, бизнес муҳити индекси жорий ҳолати кўрсаткичи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 44 бандга ошди (+14).

Бизнеснинг жорий ҳолати индекси тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳолати ва бизнес юритиш шарт-шароитларига бўлган қарашларини ифодалайди. Унда сотувлар, бандлик, талаб, ресурслардан фойдаланиш, ишлаб чиқариш муҳитининг барқарорлиги каби омиллар ҳисобга олинади.

Шу билан бирга, бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари индекси 66 банддан 59 бандга тушиши кузатилди, бироқ ҳали ҳам етарлича юқори даражада сақланиб турибди. Бу эса тадбиркорларнинг истиқболларга бўлган барқарор ишончини акс эттиради.

Сўров натижаларига кўра, мамлакатда тадбиркорлик фаолияти ижобий тенденциялар намоён этмоқда. Респондентларнинг учдан бир қисми (37%) сўнгги уч ойда ўз бизнесининг ҳолати яхшиланганини билдирган. Қолаверса, 42% тадбиркорлар маҳсулот ва хизматларга талаб ўсганлигини қайд этган. Ҳар тўртинчи тадбиркор (24%) эса ишчилар сони оширилганлигини кўрсатган, бу эса ишбилармонлик фаолиятининг кенгаяётгани ва қўшимча меҳнат ресурсларига эҳтиёж ортиб бораётганидан далолат беради.

Келгуси ойларга оид кутилмаларда умумий оптимизм сақланмоқда. Сўровномада иштирок этган тадбиркорларнинг кўпчилиги (66%) келгусида талаб ўсишини тахмин қилмоқда. Тадбиркорларнинг ярмидан кўпроғи (53%) ишчилари сони ошишини кутмоқда, ҳар тўртинчиси (25%) эса нархлар ўсиши эҳтимолини билдирган. Бу ҳолат инфляция кутилмалари бизнес муҳитига таъсир кўрсатаётганини акс эттиради.

Тармоқлар бўйича таҳлил

Июль ойида қишлоқ хўжалигида бизнес муҳити индекси яхшиланди. Бизнес муҳити индекси кўрсаткичи 50 бандни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 4 бандга ошди. Жорий ҳолат индекси 35 банддан 39 бандга кўтарилиб, сўнгги ойларда сезиларли яхшиланишни акс эттирди. Истиқболдаги кутилмалар индекси эса 59 банддан 61 бандга ўсиб, тадбиркорлар орасида ижобий кайфиятни сақлаб қолди.

Тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровнома ушбу тенденцияларни тасдиқлайди, чунки тадбиркорларнинг 41% сўнгги уч ойда бизнеси яхшиланганлигини қайд этган (ўтган йилда — 35%), шунингдек, 79% келгусида бизнес ҳолати янада яхшиланишини билдирган (ўтган йилда — 69%).

Саноатда бизнес муҳити индекси ўтган йилга нисбатан 6 бандга яхшиланиб, 50 бандга етди. Тадбиркорларнинг ярмидан кўпи (51%) жорий ҳолатини “қониқарли” деб баҳолаган, шулардан 21%и сўнгги уч ойда ишчилар сони ўсганлигини қайд этган. Шу билан бирга, ижобий кутилмалар ҳам сақланмоқда — сўровномада иштирок этган тадбиркорларнинг 74%и келгусида бизнес ҳолати янада яхшиланишини қайд этган Жорий баҳолашнинг кескин мустаҳкамлангани муҳим омил бўлди, бу кўрсаткич 20 банддан 44 бандга кўтарилди, бу саноатдаги жорий ҳолат бизнес муҳити индекси сезиларли даражада тикланганидан далолат беради.

Июль ойида хизматлар соҳасида бизнес муҳити индекси ўтган йилга нисбатан 3 бандга яхшиланиб, 54 бандга етди. Бизнес муҳитининг жорий ҳолат индекси эса сезиларли мустаҳкамланиб, 34 банддан 48 бандга ўсиши кузатилди.

Тадбиркорларнинг деярли ярми (47%) ўз бизнесининг жорий ҳолатини “яхши” деб баҳолаган, 39% эса сўнгги уч ойда бизнес ҳолатининг яхшиланганлигини қайд этган. Шу билан бирга, умумий кутилмалар ижобийлигича қолмоқда — респондентларнинг 64%и келгусида талабнинг янада ўсишини кўрсатиб ўтган, гарчи бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан (69%)бироз пасайган.

Бизнес муҳити индекси қурилиш тармоғида ўтган йилга нисбатан 5 бандга ўсиб, 50 бандни қайд этди. Жорий ҳолат индекси 28 банддан 38 бандгача яхшиланди, истиқболдаги кутилмалар индекси эса 62 банддан 63 бандга ўсиб, етарлича юқори даражада сақланиб қолди.

Сўнгги уч ойда бизнес ҳолатининг “яхшиланган”ини тадбиркорларнинг 42% қайд этди (ўтган йили бу кўрсаткич 25% эди), шунингдек, респондентларнинг 24% келгусида бизнес ҳолати яхшиланишини кутмоқда, бу эса бозор иштирокчиларидаги ижобий кайфиятни акс эттиради.

Шу тариқа, Ўзбекистонда қулай бизнес муҳитини шакллантиришда изчил ижобий силжишлар кузатилмоқда. Жорий фаолиятнинг ўсиши ва ишбилармонлик кутилмаларидаги юқори оптимизм ички талабнинг барқарорлигини ҳамда хусусий секторнинг ўзгарувчан шароитларга мослашиш салоҳиятини тасдиқлайди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг