Ўзбекистонда тадбиркорларни бозорлар орқали қўллаб-қувватлаш муҳокама қилинди

Ўзбекистонда тадбиркорларни бозорлар орқали қўллаб-қувватлаш муҳокама қилинди

Ўзбекистонда тадбиркорларни бозорлар орқали қўллаб-қувватлаш муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 24 март куни Савдо-саноат палатасида рақамли рекламани ривожлантириш, маҳсулотларни халқаро маркетплейсларда жойлаштириш бўйича соҳа вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

“Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан 2025 йилда 82 та тадбиркорлик субъектларига маҳсулотларни реклама қилиш ҳамда савдо майдончаларида жойлаштиришда 7,6 млрд сўмлик молиявий ёрдам ажратилди.

Учрашувда Савдо-саноат палатаси, “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ, Alibaba.com, Wildberries электрон савдо майдончалари вакиллари ҳамда турли соҳадаги тадбиркорлик субъектлари иштирок этиб, унда маҳаллий маҳсулотларимизни халқаро маркетплейсларда жойлаштириш орқали сотишни ривожлантириш бўйича фикрлар алмашинилди ва таклифлар билдирилди.

Учрашувда асосий эътибор электротехника, енгил саноат ва қурилиш материаллари йўналишларида иш олиб бораётган корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилди. Хусусан, маҳсулотларни халқаро ва маҳаллий маркетплейслар орқали сотишни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Тадбир давомида тадбиркорлар амалда мавжуд қўллаб-қувватлаш чораларини янада кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш бўйича қуйидаги таклифларни билдирдилар:

маркетплейсларда савдо қилиш билан боғлиқ харажатларни қисқартириш ва уларни қисман компенсация қилиш;

реклама харажатлари учун ажратилаётган субсидияларни кенгайтириш;

маркетплейсларга чиқиш жараёнларида давлат томонидан амалий ва ташкилий кўмакни кучайтириш.

Шунингдек, иштирокчилар кичик ва ўрта бизнес субъектларини йирик ишлаб чиқарувчилар билан кооперация асосида боғлаш орқали ягона занжир яратиш ташаббусини илгари сурдилар.

Якунда иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар асосида аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг