Ўзбекистонда Словения билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида вазир ўринбосари Акрам Алиев ва Словения Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Аленка Суходолник хоним ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар саноат, технологиялар, фармацевтика, энергетика, кимё саноати, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳимлигига урғу бериб, икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Суҳбат иштириокчолари кутилаётган икки томонлама тадбирлар, жумладан, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида қўшма бизнес-форум ўтказиш муҳимлигини таъкидладилар.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон-Словения қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга, амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва янги ташаббусларни амалга оширишга ўзаро тайёрлигини билдирдилар.