Ўзбекистонда сил касаллиги билан касалланиш юқори технологияли усуллар туфайли камайди
Ўзбекистонда сил касаллиги билан касалланиш юқори технологияли усуллар туфайли камайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги сил касаллиги ва ўпка хасталикларини ташхислаш ҳамда даволаш соҳасида сунъий интеллектни ўз ичига олган илғор технологияларни қўллаш орқали сезиларли ютуқларга эришилганини маълум қилди.
ЖССТ маълумотларига кўра, ўтган йили дунё бўйича 8,3 миллион кишига туберкулёз ташхиси қўйилган, улардан 1,2 миллион нафари ҳаётдан кўз юмган. Экспертлар СOVID-19 пандемиясидан кейинги даврда силнинг дориларга чидамли турлари кенг тарқалаётганини қайд этмоқда.
Ўзбекистонда Республика фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий маркази замонавий ташхис усулларини жорий этмоқда.
Марказ директори Наргиза Парпиеванинг сўзларига кўра, мамлакатда сил касаллиги билан касалланиш даражаси 3,7 фоизга камайган. Бунга микобактерияларни ПЦР усулида атиги 2–3 соат ичида аниқлаш имконини берувчи BD MAX автоматлаштирилган молекуляр-диагностик қурилмасини қўллаш сабаб бўлган.
Бундан ташқари, туберкулёзнинг кўп дориларга чидамли шаклларида 6 ойлик қисқа даволаш курслари жорий этилиши беморларни тезроқ соғайтириш ҳамда ҳаёт сифатини оширади.
Қолаверса, ўтган йили барча вилоятлар, олис ва чекка ҳудудлардаги “Ўпка саломатлиги” мобиль бригадалари ультрапортатив рентген, сунъий интеллект ёрдамида ташхислаш комплекслари ва 2 модуллик “GeneXpert” ускуналари билан жиҳозланган.
2025 йил давомида марказимизда 12 турдаги янги диагностика ва даволаш усули амалиётга жорий этилди.
35 нафар мутахассис Дания, Хитой, Россия ва Беларусда малака оширди. Хитой, Беларусь, Латвия, Нидерландия ва Қозоғистоннинг етакчи халқаро тиббиёт муассасалари билан олтита меморандум ва келишув имзоланди.
Ўтган йил давомида марказ 125 нафар хорижий беморга тиббий ёрдам кўрсатди, улардан 78 нафари юқори технологияли жарроҳлик амалиётларидан ўтди.
2026 йилга қўшимча жиҳозлаш режалаштирилган: нафас йўллари инфекциялари кўп учрайдиган туманлар учун сунъий интеллектли 40 та қўшимча мобил рентген ускуналари, маълумотларни DHIS-2 ягона электрон реестрига интеграция қилиш, телемедицинани ривожлантириш, 1 миллион нафар аҳолини яширин сил инфекциясига текшириш ва чекка ҳудудларда яшовчи 200 минг нафар фуқарони бепул кўрикдан ўтказиш.
Марказ фаолиятига ЖССТ, John Snow Institute, STOP TB, Swiss TPH, LEAP TB Global каби халқаро ташкилотлар мутахассислари жалб этилган бўлиб, бу тиббий хизматлар сифатини ошириш ва ўпка касалликларини ташхислаш ҳамда даволашда инновацион технологияларни жадал жорий этиш имконини беради.