Ўзбекистонда сейсмик текширувлар ва қурилиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликнинг янги қоидалари жорий этилди
Ўзбекистонда сейсмик текширувлар ва қурилиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликнинг янги қоидалари жорий этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги ҳамда сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат назорати ва бошқарувини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш ҳамда шаҳарсозлик соҳасида ҳуқуқбузарликларни камайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ваколатли органлар рухсатисиз ўзбошимчалик билан турар-жой биноларини қуриш ҳолатлари сақланиб қолаётгани, айрим объектларда сейсмик хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани соҳадаги давлат бошқарувини янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасида кўп квартирали уй-жойларни рухсатсиз қурганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилмоқда. Жумладан, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, бундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, мазкур қоидабузарлик такроран содир этилган тақдирда, жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этиляпти.
Шаҳарсозлик кодексида эса “мастер режа” тушунчаси шаҳарсозлик ҳужжатларининг алоҳида тури сифатида мустаҳкамланмоқда. Ушбу ҳужжат ҳудудларнинг аниқ муаммоларини бартараф этиш, шаҳарсозлик, ижтимоий-иқтисодий ва экологик ечимларни уйғунлаштириш, шунингдек, ҳудудларни қисқа, ўрта ва узоқ муддатли ривожлантиришни режалаштиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида кўприклар ва тоннеллар, шунингдек, потенциал хавфи юқори бўлган объектларни лойиҳалаштириш ва қуриш учун бериладиган лицензияларнинг амал қилиш муддатини чекланмаган ҳолда белгилаш амалиётини бекор қилиш, қурилиш-монтаж ишларини бошлашда хабардор қилиш тартибидан рухсатнома бериш тизимига ўтиш назарда тутилмоқда.
Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шаҳарсозлик фаолияти соҳасида ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, хавфсиз ва сифатли уй-жойлар барпо этилишини таъминлаш, шунингдек, сейсмик хавфсизлик соҳасига замонавий ва самарали ёндашувларни жорий этишга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.