Ўзбекистонда рецептли дорилар савдоси учун жавобгарлик кучайтирилди
Ўзбекистонда рецептли дорилар савдоси учун жавобгарлик кучайтирилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда рецепт асосида бериладиган дориларни сотиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Жиноят кодексига тегишли тузатишларни киритди.
Янги меъёрларга кўра, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик — БҲМнинг 100 бараваридан 200 бараваригача жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Амалдаги таҳрирда мазкур ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима белгиланган.
Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки кўп миқдорда содир этилган бўлса, — БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.
Амалдаги таҳрирда жариманинг энг кам миқдори БҲМнинг 100 бараварини ташкил этиши белгиланган.
Мазкур чоралар рецептли препаратларни сотиш устидан назоратни кучайтириш ва дорихона ташкилотлари ҳамда жисмоний шахсларнинг дориларни бериш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлигини оширишга қаратилган.