Ўзбекистонда рецепт бўйича бериладиган дори воситаларининг ноқонуний савдоси учун жазо кучайтирилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний айланмаси учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан кўриб чиқилмоқда.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари, тиббий буюмлар билан таъминлаш ҳамда фармацевтика маҳсулотлари муомаласини тартибга солишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний муомаласи, уларни қонунга хилоф равишда реализация қилиш ва инсон ҳаёти учун хавфли оқибатларга сабаб бўлаётган ҳолатлар кўпаймоқда.
Амалдаги қонунчиликда бундай ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган санкциялар номутаносиб бўлиб, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ноқонуний муомаласига барҳам бериш ва олдини олиш бўйича ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш зарурияти юзага келмоқда. Таҳлилларга кўра, 2022–2025 йиллар давомида 18 миллиард сўмлик 285 минг дона дори воситаси ноқонуний айланмадан олиб қўйилган. Биргина, 2024 йилда бундай ҳолатлар 2022 йилга нисбатан 3 бараварга кўпайган.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига рецепт асосида бериладиган дори воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши жазо чораларини кучайтириш таклиф этилмоқда.
Жумладан, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки кўп миқдорда содир этилган ҳолатларда — жиноий жавобгарлик белгилаш ва икки юз баравардан уч юз бараваргача миқдорда жарима жазоси назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлмаган дори воситаларини ҳамда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун амалда белгиланган жарималар миқдорини оширишни кўзда тутувчи ўзгартиришлар киритиляпти.
Қонун ташаббускорларининг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш, дори воситаларини реализация қилиш талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳамда ушбу соҳада ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.