Ўзбекистонда қурилиш соҳасини назорат қилиш тўғрисида қонун қабул қилинди
Ўзбекистонда қурилиш соҳасини назорат қилиш тўғрисида қонун қабул қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда қурилиш соҳасида давлат назорати ва бошқарувини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатда ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш ҳамда шаҳарсозлик соҳасида ҳуқуқбузарликларни қисқартириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, айрим ҳолларда ваколатли органлар рухсатисиз турар-жой биноларини қуриш ҳолатлари сақланиб қолаётгани, шунингдек, қатор объектларда сейсмик хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани қайд этилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан кўп квартирали уй-жойларни рухсатсиз қурганлик учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилмоқда. Хусусан, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, мазкур ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Бундай қоидабузарлик такроран содир этилган тақдирда эса, жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, Шаҳарсозлик кодексига “мастер режа” тушунчасини шаҳарсозлик ҳужжатларининг алоҳида тури сифатида киритиш кўзда тутилмоқда. Ушбу ҳужжат ҳудудларни комплекс ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда ижтимоий-иқтисодий ва экологик ёндашувларни уйғунлаштириш имконини беради.
Белгиланаётган янги қоидалар эҳтиёж тобора ортиб бораётган бинолар, жумладан, аҳоли турар жойларининг сифатли қурилишини таъминлашга қаратилган.
Масъул қўмита томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатларнинг таклифлари асосида бир қатор нормалар қайта кўриб чиқилиб, тадбиркорларнинг манфаатларидан келиб чиқиб янада такомиллаштирилгани алоҳида таъкидланди.
Қайд этилганидек, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши шаҳарсозлик соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, аҳоли ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда хавфсиз ва сифатли уй-жой қурилишини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.