Ўзбекистонда пенсиялар Face-ID ва электрон имзо орқали нақд тарзда тўланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Face-ID технологияси ва электрон имзодан фойдаланган ҳолда пенсияларни нақд пулда тўлаш амалиёти йўлга қўйилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.
Октябрь ойидан бошлаб ҳудудларда пенсияларни нақд пул шаклида тўлаш фуқароларни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) ҳамда уларнинг имзосини электрон шаклда олиш орқали амалга оширилиши бошланди.
Ушбу тизимни жорий этишдан кўзланган мақсад — пенсияларни фуқароларга тўлиқ ва ўз вақтида етказиш.
«Эндиликда тўлов жараёнида бўлиши мумкин бўлган Халқ банки томонидан ҳисоботларда "тўланди" деб ҳисобот берилиб, амалда фуқарога тўланмаслик ёки бошқа шахсларга тўлаб юбориш ҳолатлари олди олинади», — дейилади идора хабарномасида.
Бундан ташқари, мамлакатда ёшга кўра пенсия тайинлашнинг проактив тартиби жорий этилмоқда. Эркаклар 60 ёшга етганда, аёллар эса 55 ёшга тўлганда автоматик равишда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади. Илгари бунинг учун Пенсия жамғармаси бўлими ёки Давлат хизматлари марказига шахсан мурожаат қилиш талаб этилар эди.
Қабул қилинган ўзгаришларга кўра, фуқаронинг пенсия олиш ҳуқуқи давлат ахборот тизимлари маълумотлари асосида белгиланади ва тўловлар шахс пенсия ёшига етган кунда тайинланади.