Ўзбекистонда майонез, соя соуси ва хамиртуруш бозорларида рақобат паст: янги лойиҳалар учун салоҳият мавжуд
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Антимонополия қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсатини ўрганиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази ички бозорнинг маҳаллий маҳсулотлар билан тўйинганлик даражаси, ишлаб чиқариш ҳажми, рақобат муҳити ва импорт географиясини таҳлил қилди.
Таҳлил натижаларига кўра, қатор муҳим товар тоифаларида тўйинганлик даражаси паст бўлиб, мамлакатда янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун кенг имкониятлар мавжуд.
Масалан, майонез бозорини таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, ҳозирда республикадаги 16 корхона 5,8 минг тонна майонез ишлаб чиқарган. Шу билан бирга, импорт ҳажми 14,6 минг тонна, экспорт эса 28,2 тонна бўлган. Бозорда маҳаллий маҳсулотлар билан тўйинганлик даражаси 28,4% ни ташкил қилмоқда.
Соя соуси бозорида эса ҳолат янада мураккаб. Бешта корхона жами 154 тонна соя соуси ишлаб чиқарган. Импорт ҳажми 637 тоннани, экспорт эса 15 тоннани ташкил қилган. Бу бозорда тўйинганлик даражаси бор-йўғи 19,8% ни ташкил этмоқда.
Маккажўхори крахмали бозорида тўйинганлик янада паст. Учта корхона 2,3 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарган бўлса, импорт 23,5 минг тонна, экспорт эса 138 тонна бўлган. Тўйинганлик даражаси 9% га тенг.
Фаоллаштирилган кўмирни учта корхона ишлаб чиқарган — 498 тонна. Импорт 2,5 минг тоннани, экспорт эса атиги 1 тоннани ташкил қилган. Бу бозорда тўйинганлик даражаси 16,4% ни ташкил этади.
Энг паст кўрсаткич хамиртуруш бозорида кузатилди. Республикада фақат битта корхона 21 тонна маҳсулот ишлаб чиқарган. Шу билан бирга, импорт 12,6 минг тонна, экспорт эса 76 тонна бўлган. Тўйинганлик даражаси атиги 0,2% ни ташкил қилган.
Ушбу таҳлил натижалари шундан далолат берадики, кўрсатилган товар турлари бўйича маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳияти етарли даражада эмас. Шу боис, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш орқали импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш мумкин.