Ўзбекистонда Корея косметика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режалаштирилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда “New&New” ва “Mehrigiyo” компаниялари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда, компаниялар томонидан Ўзбекистон ҳудудида 10 дан ортиқ турдаги косметик маҳсулотларни маҳаллий равишда ишлаб чиқариш режаси тақдим этилди.
Ўз навбатида, Фармагентлик ташаббусни ижобий қабул қилди ва маҳаллийлаштириш жараёнини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда "Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудидаги имкониятлар, мавжуд инфратузилма ва инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар юзасидан тақдимот ўтказилди.
Келгусида компаниялар томонидан тўлиқ бизнес-режа ишлаб чиқилиб, Фармагентликка тақдим этилади ва лойиҳа бўйича ҳамкорликнинг кейинги босқичлари белгилаб олинади.