Ўзбекистонда кичик фермер хўжаликларининг салоҳиятини ошириш лойиҳаси ишга туширилди
Ўзбекистонда кичик фермер хўжаликларининг салоҳиятини ошириш лойиҳаси ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Европа Иттифоқининг “Ўзбекистонда кичик ва ўрта фермерларнинг иқтисодий салоҳияти ва самарадорлигини ошириш” грант лойиҳасига старт берилди.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар, Латвиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Гиртс Яунземс ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Нуриддин Қўшназаров иштирокида мазкур лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди.
Лойиҳанинг асосий мақсади қишлоқ хўжалигида кичик ишлаб чиқарувчилар, хусусан деҳқон хўжаликлари даромадларини ошириш, уларнинг қўшилган қиймат занжиридаги иштирокини кенгайтириш ҳамда соҳада кооперативлар фаоллигини кучайтиришдан иборат.
Лойиҳа 2026–2028 йиллар давомида республика ҳудудларида Латвиянинг Молия ва шартномалар марказий агентлиги (CFCA) томонидан амалга оширилади.
Лойиҳа доирасида Европа Иттифоқи давлатлари, айниқса Латвиянинг қишлоқ хўжалиги кооперативларини ривожлантириш бўйича илғор тажрибасини жорий этиш режалаштирилган.
Мазкур ташаббусни амалга оширишда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги асосий ҳамкор ташкилотлар сифатида белгиланган.