Ўзбекистонда кичик атом электр станцияси қурилиши 2026 йил июль ойида бошланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда кичик қувватли атом электр станцияси қурилишини 2026 йил июль ойида бошлаш режалаштирилган.
Бу ҳақда «Росатом» таркибига кирувчи «Атомстройэкспорт» компаниясининг Ўзбекистондаги АЭС қурилиши бўйича лойиҳа директори Павел Безруков «Oʻzbekiston 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Безруковнинг сўзларига кўра, лойиҳанинг амалга оширилиши атом энергетикасини мамлакат учун тизим яратувчи тармоққа айлантиради. Дастурда малакали мутахассисларни тайёрлаш, маҳаллий ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш, техно ва энергия паркларини барпо этиш, шунингдек, Ўзбекистон учун арзон ва барқарор электр таъминотини таъминлаш кўзда тутилган.
Унинг таъкидлашича, бу лойиҳа нафақат ички бозорга, балки қўшни мамлакатлар энергетика тизимларига ҳам таъсир кўрсатади. «Ўзбекистон газ ва бошқа энергия ресурсларининг оддий истеъмолчисидан электр энергияси билан ишончли таъминланган генератор мамлакатга айланмоқда», — деди «Росатом» вакили.
Унинг маълум қилишича, 2026 йил июль ойидан бошлаб Жиззах вилоятининг Фариш туманида кичик АЭС қурилишининг асосий босқичи бошланади.
Лойиҳа нафақат қурилишни, балки станциянинг кейинги фаолиятини ҳам ўз ичига олади ва мамлакатнинг янги энергетик тараққиёт босқичига асос яратади.