Ўзбекистонда фазовий маълумотлар бўйича миллий форум бўлиб ўтди
Ўзбекистонда фазовий маълумотлар бўйича миллий форум бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Кадастр агентлиги, Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда фазовий маълумотлар инфратузилмаси бўйича миллий форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда фазовий маълумотларнинг кадастр тизимидаги ўрни, иқтисодий ислоҳотлар, урбанизация ва иқлим ўзгаришига мослашувдаги аҳамияти муҳокама қилинди. Шунингдек, ФММИни ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳалар тақдим этилди.
Форумда вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар ҳамда хусусий сектордан 150 дан ортиқ мутахассис иштирок этди. Форумда фазовий маълумотларни йиғиш, бошқариш ва алмашишнинг ягона стандартларини яратиш, кадастр тизимини рақамлаштириш ва илғор тажрибаларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Тадбир давомида рақамли трансформацияга хизмат қилувчи икки янги лойиҳа ишга туширилди:
35 млн АҚШ долларлик “Ҳудудларни барқарор ривожлантириш учун ФММИ” лойиҳаси – Жаҳон банки кўмагида амалга оширилади. Лойиҳа кадастр тизимини модернизация қилиш, кадастр хариталарини яратиш, муҳандислик коммуникациялари реестрини шакллантириш ва давлат–хусусий сектор ўртасида маълумот алмашинувини кучайтиришни назарда тутади.
6,6 млн евролик “ФММИни рақамлаштириш ва интеграциялаш” лойиҳаси – Европа Иттифоқи молиявий кўмагида амалга оширилади ва фазовий маълумотларни бошқариш бўйича салоҳиятни оширишга қаратилган.
Мазкур ташаббуслар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган ҳудудлар ривожи ва урбанизация жараёнларини қўллаб-қувватлайди, шунингдек, қиймати 400 млн долларлик “Яшаш учун қулай ва унумдор шаҳарлари” дастури учун замин яратади.