Ўзбекистонда Ер кодексини қайта кўриб чиқишни қўллаб-қувватлаш бўйича янги лойиҳа бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида «Ер кодексини қайта кўриб чиқишни қўллаб-қувватлаш» янги лойиҳасининг бошланғич ва маслаҳат семинари бўлиб ўтди. Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди ва унда давлат идоралари, халқаро ташкилотлар ҳамда миллий ва халқаро экспертлар иштирок этдилар.
Ер ресурслари Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг асосий бойлиги бўлиб, мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ жойларни ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш ва миллий иқтисодиёт ривожига катта ҳисса қўшади. Сўнгги йилларда Ҳукумат соҳада бозор механизмларини жорий этиш, ердан фойдаланиш ҳуқуқлари хавфсизлигини таъминлаш ва ер муносабатлари тизимини такомиллаштириш йўлида изчил қадамлар ташлади. Шу мақсадда ҳозирги кунда ер бошқарувини яхшилаш бўйича миллий стратегия ишлаб чиқилмоқда ва Ер кодексини қайта кўриб чиқиш жараёни олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг расмий мурожатига асосан, ФАО мамлакатда ер ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида янги лойиҳани амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалиги ерларини бошқариш билан боғлиқ учта сиёсий тавсияномалар ишлаб чиқилди ва семинар иштирокчилари билан муҳокама қилинди. Улар қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳуқуқларини тақсимлаш, ердан фойдаланиш ҳуқуқлари хавфсизлигини таъминлаш, ердан фойдаланиш ҳуқуқлари бозорини ривожлантириш масалаларини қамраб олди.
Семинар очилишида ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси маслахатчиси Нуриддин Қўшназаров , шунингдек Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари сўзга чиқдилар. Муҳокамаларни ФАО халқаро экспертлари – Брэдли Патерсон (ердан фойдаланиш мутахассиси), Томас Версинскас (халқаро ҳуқуқшунос) ҳамда миллий мутахассислар олиб бордилар.
Нуриддин Қўшназаров, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси:
“Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ва ер муносабатларини ривожлантиришда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакат тараққиёти учун муҳим қадам ҳисобланади. Ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари Ўзбекистонда ердан фойдаланишда бозор иқтисодиёти тамойилларини жорий этишга қаратилганлигининг сўнгги мисоли сифатида, Президентимизнинг 2025 йил 12 сентябрдаги ПФ-172-сонли Фармони ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигида барқарор иқтисодий муҳит яратишга хизмат қилмоқда. Биз ишонамизки, ФАО билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, хусусий ва давлат секторлари манфаатларини уйғунлаштириш ҳамда барқарор ер бошқарувини таъминлашга хизмат қилади.”
Шерзод Умаров, ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари:
“Ер кодексини қайта кўриб чиқиш жараёни нафақат ҳуқуқий ислоҳот, балки иқтисодий ўсиш, қишлоқ аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш, ер ресурсларидан барқарор фойдаланиш ва келажак авлод учун табиий ресурсларни асраб-авайлашга ҳам хизмат қилади. ФАО ушбу жараёнда масъулиятли ер бошқаруви бўйича халқаро тамойилларга таянади ҳамда давлат идоралари, маҳаллий ҳамжамиятлар ва фуқаролар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда адолатли ва самарали ер муносабатлари тизимини ривожлантиришга содиқдир.”
Брэд Патерсон, ФАО халқаро ердан фойдаланиш мутахассиси:
“Ўзбекистонда ер ресурсларини самарали бошқариш – барқарор қишлоқ хўжалиги ривожланиши учун асосий шартдир. Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий асосларни кучайтириш ва бозор механизмларини жорий қилиш орқали мамлакат фермерлари ва қишлоқ аҳолиси учун кенг имкониятлар яратилади. ФАО ушбу жараёнда халқаро тажрибаларни Ўзбекистон шароитига мослаштиришга кўмаклашишдан мамнун.”
Семинар якунида ФАО Ўзбекистонда шаффоф, самарали ва адолатли ер бошқарув тизимини ривожлантиришга содиқлигини тасдиқлади ҳамда қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва иқтисодий барқарорликга эришиш йўлида ҳамкорликга тайёрлигини билдирди.